Бугун, 2019 йил 26 июнь куни, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди, Юнусобод туман суди биносида, Ўзбекистон Республикасининг собиқ Бош прокурори Рашид Қодиров ва бошқаларга оид (жами 13 нафар шахс) жиноят иши бўйича айблов ҳукми эълон қилинди

Суд ҳукми билан, 2000-2015 йилларда прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда катта лавозимларда ишлаган Мирағлам Мирзаев, Жамшид Файзиев, Улуғбек Суннатов, Рамазон Пўлатов, Азиз Мусашайхов, Улуғбек Хуррамов, Юсуф Ғоипов, Абдурашид Мирзаев, Муҳаббат Мирзаева, фуқаролар С. Косимов, А. Икрамов ва Х. Ахмеджанов билан ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб пора олиш (Жиноят кодекси 210-моддаси 3-қисмининг «а» банди), пора беришга далолат қилиш (ЖК 28,211-моддаси 3-қисмининг «а» банди), фирибгарлик (ЖК 168-моддаси 3-қисмининг «а» банди), солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш (ЖК 184-моддасининг 3-қисми), тергов қилишга ва суд ишларини ҳал этишга аралашиш (ЖК 236-моддасининг 2-қисми), жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш (ЖКнинг 243-моддаси) каби, ҳокимият, бошқарув ва жамоат бирлашмалари органларининг фаолият тартибига қарши бир қатор оғир ва ўта оғир жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди.

Қарийб олти ой давом этган, Ўзбекистон Республикаси ЖПК (жиноят-процессуал кодекс)нинг 19-моддаси, шунингдек «Давлат сирлари тўғрисида»ги Қонуни талабларига мувофиқ, ёпиқ тарзда ўтказилган суд тергови жараёнида барча судланувчиларнинг кўрсатувлари бирма-бир атрофлича текширилди, 200га яқин гувоҳларнинг кўрсатувлари тингланиб, иш бўйича ўтказилган экспертиза ва хизмат текширувлари хулосалари, шунингдек жиноят ишида тўпланган далиллар, уларнинг қонунийлиги ва асослилиги нуқтаи назаридан тафтиш қилинди.

Суднинг ҳукми билан айбли деб топилган жиноятлари учун собиқ бош прокурорнинг собиқ ўринбосари Улуғбек Суннатов 19 йилга, МХХнинг (ҳозирги ДХХ) Тошкент шаҳар бошқармаси ҳузуридаги Терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмаси собиқ бошлиғи Абдурашид Мирзаев 15 йилга, Бош прокуратура ҳузуридаги Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси бошлиғининг собиқ ўринбосари Улуғбек Хуррамов 14 йилга, Тошкент вилоятининг собиқ прокурори Жамшид Файзиев 13 йилга, Тошкент шаҳар прокуратурасининг коррупцияга қарши кураш бошқармасининг собиқ бошлиғи Азиз Мусашайхов 13 йилга озодликдан маҳрум қилинди.