AIBA президенти мансабидан вақтинча истеъфога чиққан Ғофур Раҳимов бу лавозимни буткул тарк этиши мумкин. Пайшанба куни AIBA Ижроия Қўмитаси ташкилот Низомига ўзгартириш киритиш орқали унинг бу постга қайтиш ҳуқуқини бекор қилди, деб хабар бермоқда «РИА Новости» Ижроқўмнинг россиялик аъзоси Умар Кремлевга асосланган ҳолда.
Хабарда айтилишича, Ижроқўм Раҳимовга хат йўллаб, уни ташкилот президенти лавозимидан буткул истеъфо беришга чақирган.
AIBA Ижроқўми, шунингдек, 15 ноябрь куни Лозаннада навбатдан ташқари Конгресс ўтказиш ва унда ташкилотга янги раҳбарлар сайлаш таклифини ёқлаб овоз берган.
Мазкур қарорлар Халқаро Олимпия Қўмитаси AIBA`ни Олимпиаданинг бокс бўйича мусобақаларидан четлаштиргани фонида қабул қилинмоқда.
Сешанба куни ХОҚ AIBA`даги молиявий муаммолар ва унинг раҳбарияти билан боғлиқ можаро сабабли жаҳон ҳаваскор боксининг бош ташкилотини Олимпиаданинг бокс турнири ва унга саралаш мусобақаларини ташкил этиш ваколатидан маҳрум этган эди. Чоршанбада эса AIBA`нинг ХОҚга аъзолиги тўхтатиб қўйилди.
Reuters маълумотига кўра, Халқаро Бокс Ассоциацияси 16 млн доллар қарзга ботган.
AIBA Ижроқўми аъзоси, Россия бокс федерацияси бош котиби Умар Кремлев мазкур муаммоларни бартараф этишни ваъда қилган Ғофур Раҳимовни ёлғончиликда айблади.

«Бугун биз бирлашиб, жиддий қарорни қабул қилдик – қарзларни ёпиши ва ХОҚ билан тил топиша олишини айтиб, бутун бокс оламини алдаган инсондан қутулдик.
Ғофур Раҳимов AIBA`ни банкротлик ёқасига келтириб қўйди. У бутун бокс жамоатчилигидан узр сўраши керак.
Бугун у қайта олмаслиги учун Низомдан тегишли бандни чиқариб ташладик ва 15 ноябрь куни Конгресс мажлисини чақиришга қарор қилдик. Унда AIBA`га янги раҳбариятни сайлаймиз», – деган Кремлевнинг сўзларини келтирди Россия бокс федерацияси матбуот хизмати.








