29 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ва Савдо саноат палатаси раиси Адҳам Икромов иштирокида мутасадди ташкилотлар вакиллари, тадбиркорлар ва ОАВ вакиллари билан «Халқаро савдо ва солиқ ислоҳотлари» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Давра суҳбатининг ўзига хос жиҳати очиқ мулоқот шаклда ўтказилгани ва унда биринчи навбатда тадбиркорлар тинглангани бўлди. Кўп йиллик анъаналардан фарқли равишда тадбиркорлар аввал ўргатилган гапларни эмас, айнан ўзларини қийнаётган муаммоларни ошкора айтиб, уларнинг ечимларини ҳам кўрсатиб беришди.
Мисол учун, гулқоғоз клейлари ишлаб чиқариш соҳасида бизда етакчи бўлган ва ўз сифатли маҳсулотлари орқали бу маҳсулотнинг четдан кириши кескин камайишига эришган тадбиркор Аббос Барноев Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган хом ашёлар учун божхона тўловларини камайтириш ёки бутунлай олиб ташлаш зарурлигини билдирди. Шунингдек, Хитойдан Ўзбекистон чегараларига маҳсулот келтиргунча темирйўл учун 6 минг АҚШ доллари тўлашини, Ўзбекистон ичида, қисқа масофага 2 минг АҚШ доллари тўлаши зарурлиги, яъни бу хизмат анча қимматлигини таъкидлади.
Қўлқоплар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона раҳбари Рустам Ахметов хориждан кираётган импортда исталган нарх кўрсатилиши ортидан тўланадиган ҚҚС ҳам кам бўлиши, бизда ишлаб чиқарилган маҳсулот таннархи аниқлиги учун унга қўшилган ҚҚС ортидан маҳсулот қимматлашиб кетаётгани, шу сабабли 150 иш ўрнини ҳозирги кунда 70тага туширишга мажбур бўлганини билдирди.
Таклифлар турли-туман эди. Лекин уларда бир қатор умумийликлар бор – ўзимизда бўлмаган хом ашёни олиб киришда енгилликлар, тайёр маҳсулот учун божни аста-секин ошириб бориш орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб қувватлаш зарурлиги.
Анжумандаги фикр мулоҳазалар, ўзига хос хулосалар билан ўртоқлашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқовни алоҳида суҳбатга тортдик.

– Сардор Ўктамович, бу ерда фақат бир неча ўн тадбиркорни кўрдик. Аммо Ўзбекистонда ўн минглаб тадбиркорлар фаолият юритади, уларнинг ҳам фикрлари инобатга олинадими?














