Жаҳон | 16:26 / 01.07.2019
10732
2 дақиқада ўқилади

Германия Дубай амирининг рафиқаси бошпана сўрагани ҳақидаги хабарни тасдиқламади

Фото: Getty Images

Германия ташқи ишлар вазирлиги БААдан қочиб кетган малика Ҳая бинт ал-Ҳусайн бошпана сўраганлиги ҳақидаги хабарни тасдиқламади. Бу ҳақда вазирлик расмий вакили Мария Адебар маълум қилди.

"Бу хабарни тасдиқлай олмайман, бизда буни тасдиқловчи фактлар йўқ", - деди Адебар.

Аввалроқ Британиянинг Sun газетаси БАА бош вазири, Дубай амири шайх Муҳаммад бин Рашид Ол Мақтумнинг рафиқаси йирик миқдордаги пулни олиб мамлакатдан қочиб кетганлигини хабар қилганди.  

Хабарда айтилишича, у 11 ёшли ўғли ва етти ёшли қизи билан БААдан Германияга қочиб кетган ҳамда у ердан бошпана сўраган ва турмуш ўртоғи билан ажрашиш учун ҳужжат топширган. Малика ўзи билан 31 миллион фунт стерлинг (39 миллион долларга яқин) пул олиб кетган.

Sun газетасининг хабарига кўра, маликанинг бу ҳаракати БАА ва Германия ўртасида дипломатик инқироз бошланишига олиб келган. Айрим маълумотларда айтилишича, бош вазир Берлинга турмуш ўртоғи ва фарзандларини қайтаришни сўраб мурожаат қилган, аммо рад жавобини олган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид