Жаҳонгир Ортиқхўжаев: «Ҳоким сифатида тушунмаётган нарсаларим ҳалигача бор»
Тошкент шаҳар ҳокимлигида ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилди. Унда пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев иштирок этди.
Тадбир давомида ҳокимдан Тошкент шаҳри бюджетининг даромадлар ва харажатлар қисми ижроси бўйича маълумот бериш сўралди. Хусусан, президентнинг 5515-сон фармонида бюджет даромадларининг орттириб бажарилган қисми 10 фоизини шаҳар аҳолиси билан маслаҳатлашган ҳолда харажат қилиш топшириғи берилган.
«Албатта, бу 10 фоиз тўғрисида биз ОАВга хабар беришимиз керак ва у сайтимиз орқали чиқиши керак. Ҳоким сифатида 1 йил-у 2 ойдан бери ишлаяпман. Тушунмаётган нарсаларим ҳалигача бор. Республика бюджетининг 25 фоизи Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан йиғилади. Яъни, республика бюджети тўртдан бир қисми фақат Тошкентдан йиғилади. Мен ҳоким бўлиб тушунмаган нарсам: республикада дастур тайёрланади, ҳокимликни республика бюджетини берадиган бир корхона деб билайлик, ана шу корхона раҳбари дастурга кирган пулни олиш учун пул берувчининг эшиги тагига бориб ялиниши керак. Бу қандай мантиққа тўғри келишини тушунмаяпман.
Менинг ўзим бизнесдан чиққанман. Кўп фабрикаларимиз бўларди, эрталаб ишни каттароқ даромад берувчи фабрикадан бошлардим. Қандай ёрдам кераклиги билан қизиқардим. Бу ерда ҳам пул бераркансан, ҳам дастурга кирган пулингни олтидан бирини олиш учун эрталабдан кечгача сарғайиб ўтириш керак экан. Мен бу қандай мантиққа тўғри келишини ҳалигача тушуниб етганим йўқ. Биз 20 трлн сўм бериб, атиги 3,5 трлн сўмини қайтариб оламиз. Шуни вақтида олишимиз учун ҳам эрталабдан кечгача сарғайиб ўтиришимиз керак. 10 фоиз масаласи бўйича ҳали ёритамиз», - деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.
Мавзуга оид
11:34
Тошкентда ўқувчилар орасида синтетик наркотик истеъмол қилиш кўпаяётгани айтилди
20:02 / 18.11.2024
Англияга пул эвазига ишга юборишни ваъда қилган шахс ушланди
17:10 / 18.11.2024
Тошкентда Аския бозори жойлашган ер инвесторга берилади
09:10 / 15.11.2024