Сурхондарё вилоятининг олис Сариосиё тумани «Маржона» маҳалласидан таҳририятимизга келиб тушган мурожаатни ўрганиш учун ушбу маҳаллага йўл олдик. Бугунги кунда маҳалла аҳлини тоза ичимлик суви муаммоси қийнаб келмоқда.
Маҳалла фаолларининг вилоят ва тумандаги мутасадди ташкилотларга мурожаатига ваъдалардан бошқа жавоб берилмаяпти.
Видео: Youtube
Видео: Mover (tas-ix)
Маҳалла фуқаролари йиғини масъул котиби Ботир Бўтаевнинг мухбиримизга билдиришича, «Маржона» маҳалласида айни кунда яшовчи аҳоли сони 4440 нафарни ташкил этади. 672та хўжаликда 1122 оила истиқомат қилмоқда.

Ҳисор тоғ тизмаси этагида жойлашган мазкур хушҳаво қишлоқда ўртасидан Шарғунсой дарёси оқиб ўтади. Бироқ улар айни кунларда ариқларда шалдираб оқаётган лойқа сувни тинитиб, қайнатиб ичишмоқда ёки дара бўйлаб жойлашган булоқлардан сувни ташиб ичишади.

Дарё ва ундан ариқларга олинаётган сувнинг лойқаланишига сабаб нима?
Гап шундаки, қишлоқнинг юқорироғида жойлашган корхоналардан чиқаётган оқова сувлар номигагина тиндирилиб, дарёга оқизилмоқда. Бунинг натижасида дарёнинг зилол суви қизғиш рангга кириб, лойқаланмоқда.


























