Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жойлаштирилди.

Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 20 январда қабул қилинган ЎРҚ–400-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши кутиляпти:

195-модда (Божхона кўриги):

тўртинчи қисми “гиёҳвандлик воситалари” деган сўзлардан кейин “уларнинг аналоглари” деган сўзлар билан тўлдирилади;

407-модда (Божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, прекурсорларни ва бошқа ашёларни назорат остида етказиб бериш) қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“407-модда. Божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналоглари, психотроп моддаларни, прекурсорларни ва бошқа ашёларни назорат остида етказиб бериш
 
Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ва прекурсорлар халқаро ноқонуний муомалада бўлишининг олдини олиш ҳамда бундай муомалада иштирок этаётган шахсларни аниқлаш мақсадида божхона органлари ҳамда бошқа тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар ҳар бир алоҳида ҳолда чет давлатнинг божхона органлари ва бошқа ваколатли органлари билан келишувларга кўра ёки Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида назорат остида етказиб бериш тезкор-қидирув тадбиридан фойдаланади, яъни ноқонуний муомалага киритилган гиёҳвандлик воситаларининг, уларнинг аналогларининг, психотроп моддаларнинг ва прекурсорларнинг ўз назорати остида божхона ҳудудига олиб кирилишига, бу ҳудуддан олиб чиқилишига ёки транзит тарзида олиб ўтилишига йўл қўяди.

Назорат остида етказиб бериш тезкор-қидирув тадбири жиноят содир этиш қуроли ёки воситаси бўлган бошқа ашёларга ёхуд жиноий йўл билан топилган ашёларга ёки улар билан қонунга хилоф хатти-ҳаракатлар содир этиш контрабанда ҳисобланувчи ашёларга нисбатан ҳам қўлланилиши мумкин.

Назорат остида етказиб бериш тезкор-қидирув тадбиридан фойдаланиш тўғрисидаги қарор тегишлича тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар билан келишилган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан қабул қилинади.

Божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддаларни, прекурсорларни ва бошқа ашёларни назорат остида етказиб бериш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда Ўзбекистон Республикасида жиноят иши қўзғатилмайди.