Ахборот платформаларида «фейк» атамаси анча фаол айланмоқда. Қандайдир хабарнинг шов-шув бўлиб, кенг резонансга сабаб бўлиши, бироз муддатдан сўнг эса унинг «фейк» бўлиб чиққани ҳақидаги хабарлар ҳам тез-тез учраб турибди. Шу боис фейк тушунчасини яхшироқ таниб олиш ва ундан ҳимояланиш муҳим.
Адлия вазирлиги «Медиасаводхонлик ва fake news: ҳуқуқ ва масъулият чегараси» мавзусида медиа вакиллари учун семинар ташкил этиб, оммавий ахборот воситаларида фейк масаласи хусусида маълумотларни тақдим этди.
Фейк ─ (инглизча) сохта, қалбаки деган маъноларни англатади. Ҳақиқатга жуда ўхшаб кетадиган ёлғон хабарлар, махсус дастурлар орқали ўзгартирилган фотосуратлар, монтаж қилинган видеороликлар, ижтимоий тармоқларда бошқа шахслар (одатда машҳур инсонлар) номидан очилган ёлғон аккаунтлар фейкларга мисол бўла олади.
Статистикага кўра, 2018 йилда эълон қилинган фейк материаллар сони 32 фоизга ортган. Бу кишиларнинг расмий ахборот манбаларига бўлган ишончи 32 фоизга тушиб кетганини англатади.
Фейк хабарларнинг сариқ матбуот ва сиёсий пропаганда билан умумий жиҳатлари кўп. Лекин фейкни бадиий тўқималар ва миш-мишлардан фарқлай олиш лозим. Сариқ матбуотдаги миш-мишлар асосан омманинг вақтини чоғ қилиш, у ёки бу шахсга эътибор тортиш учун тарқатилади ва унинг ижтимоий зарари унча катта бўлмайди. Фейклар эса жиддий ижтимоий-сиёсий мақсадларни ёки молиявий манфаатни кўзлаб тарқатиладиган ёлғон хабарлардир.
Фейкларни тарқатишдан мақсад нима?
Сохта, ёлғон маълумотларни тарқатувчилар турли манфаатларни кўзлаган бўлиши мумкин.
Моддий манфаат. Сохта ахборот муаллифлари кўпинча жалб қилувчи, «қичқирувчи» сарлавҳалардан ёки тўлиқ тўқималардан фойдаланиб, ўқувчилар аудиториясини оширишга, ўзларига ҳаволаларни кўпайтиришга ҳаракат қилишади. Бунда кликбейтинг принципи орқали фойда мақсад қилинади.
Сиёсий манфаат. Аудиторияси катта бўлган платформаларда сохта контент яратиш, таҳликани чақирувчи маълумотларни жойлаш орқали аудиторияни бошқаришга, тартибсизлик, ваҳима кайфиятини келтириб чиқаришга уриниш ҳам мумкин.
Фишинг. Электрон почтага қизиқарли сарлавҳали спам хабарларни жўнатиш ҳолатлари ҳам учрайди. Бунда электрон почта эгаси келган «қизиқарли» хабарни очиши биланоқ компьютер ёки мобил қурилма вирус билан зарарланади. Вирус тарқатувчилар эса шахсий маълумотларни қўлга киритиб, катта фойда кўришади.
















