Ёнғин чиқиши натижасида россиялик 14 денгизчи ҳалок бўлган сувости аппарати аслида «Лошарик» номи билан маълум бўлган АС-12 ўта махфий сувости кемасидир. Бу ҳақда РБК хабар бермоқда.

Аввалроқ, Россия Ҳарбий Денгиз Флотининг (ҲДФ) 14 нафар денгизчиси сувости илмий-тадқиқот аппаратида юз берган ёнғин натижасида ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. 

РБК маълумотига кўра, бу кема сувости илмий-тадқиқот аппарати эмас, балки ўта махфий атом сувости кемасидир. Унда юз берган ёнғин натижасида 14 нафар денгизчи тутундан заҳарланиб ҳалок бўлган. Ёнғин ўчирилган, кема эса айни пайтда Североморск ҳарбий-денгиз базасида сақланмоқда.

АС-12 атом сувости кемаси бир-бири билан боғланган бир қанча титан сфералардан иборат. Кема 6 минг метр чуқурликкача тушади ва сув остида 30 узел тезликда ҳаракатланади.

АС-12 кемасининг техник маълумотлари махфийлаштирилган. Тахминларга кўра, унинг узунлиги 70 метрни, эни эса 7 метрни, тўла сув сиғими 2 минг тоннани ташкил қилади. «Лошарик» номини эса мультфильм қаҳрамони бўлмиш шишириладиган шарлардан ясалган тойчоқдан олган.