Ўзбекистон | 01:48 / 05.07.2019
26972
2 дақиқада ўқилади

Ички ишлар вазирлигининг Қўриқлаш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари Миллий гвардия таркибига ўтказилди 

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Ўзбекистон Республикасн Миллий гвардияси қўриқлаш хизматининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ҳужжатга мувофиқ, Ички ишлар вазирлигининг Қўриқлаш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари Миллий гвардия таркибига ўтказилди. 

Қарор билан, давлат объектлари, ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини қўриқлашни ташкил этиш, шунингдек, давлат қўриқлаш ташкилотлари фаолиятини назорат қилиш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш Миллий гвардия зиммасига юклатилди.

Қуйидагилар Миллий гвардия қўриқлаш хизмати фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланди:

давлат объектлари, ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини шартнома асосида қўриқлашни ташкил этиш;
давлат қўриқлаш ташкилотлари фаолиятини назорат қилиш, қўриқлаш бўлинмаларида назорат текширувларини ўтказиш, идоравий қўриқлаш бўлинмалари объектларида ички режим ва рухсат бериш режимига риоя этилишига доир ишларни назорат қилиш ҳамда мувофиқлаштириш;
қўриқланаётган обьектларда ички режим, рухсат бериш режимлари ва мол- мулкни қўриқлашни, жамоат тартибини сақлашни ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва бартараф этишга кўмаклашишни таъминлаш;
қўриқлаш фаолиятига замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини жорий этиш, қўриқлаш воситалари ва тизимларини қўллаш соҳасида ягона техник сиёсатни ҳамда улардан фойдаланиш бўйича самарали назоратни амалга ошириш.

Ҳужжатда айтилишича, Миллий гвардия томонидан кўрсатиладиган қўриқлаш хизматларининг тарифлари (нархлари) давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотлари учун - Миллий гвардия қўмондони томонидан Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда, бошқа ташкилотлар учун - Миллий гвардия қўмондони томонидан мустақил белгиланади.

Мавзуга оид