Ички ишлар вазирлигида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва аҳоли осойишталигини мустаҳкамлаш бўйича президент белгилаган вазифалар ижросига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Унда Президент администрацияси масъуллари, Вазирлар Маҳкамасининг маҳалла ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутасаддилари, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Бош прокуратура ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарияти, шунингдек, ҳудудлардаги ҳокимлар ва жамоат хавфсизлиги учун масъул раҳбарлар иштирок этди.
Йиғилишда президентнинг тегишли қарор ва топшириқларида белгиланган вазифаларнинг ҳудудлардаги ижроси таҳлил қилинди. Хусусан, ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқараётган сабаб ва шарт-шароитларни барвақт аниқлаш, уларни бартараф этиш ҳамда профилактик тадбирларни самарали ташкил қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил шахслар билан манзилли ишлашни кучайтириш, маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш ва масъул идоралар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича вазифалар белгилаб берилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва ижро интизомини кучайтириш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Йиғилишда ташкилий масала ҳам кўриб чиқилди. Президентнинг тегишли қарори билан полковник Тимур Исмоилов Ўзбекистон ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари — Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи лавозимига тайинланди. Шу муносабат билан у Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи лавозимидан озод этилди.
Янги раҳбар зиммасига жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш тизимини такомиллаштириш вазифалари юклатилди. Шунингдек, тизимни рақамлаштириш, ички ишлар органларининг бошқа давлат идоралари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлигини кучайтириш ҳамда жамоат тартибини сақлашнинг замонавий усулларини кенг жорий этиш талаб қилинди.
Йиғилишда Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган байрам тадбирларида хавфсизликни таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Тошпўлатов ҳар бир хизматнинг вазифаси аниқ белгиланиши, куч ва воситалар олдиндан ҳисоб-китоб қилиниши ҳамда масъуллар ҳудудлардаги вазиятни тўлиқ назорат қилиши лозимлигини таъкидлади.
Байрам тадбирлари ўтказиладиган ҳудудларда жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, транспорт ва пиёдалар ҳаракатини тартибга солиш, одамлар гавжум жойларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда эҳтимолий фавқулодда ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича комплекс чоралар белгиланди.
Видеоселекторда ҳудудлардаги тайёргарлик ҳолати ҳам таҳлил қилиниб, масъул раҳбарларнинг ахборотлари эшитилди. Уларга ҳар бир байрам тадбири ўтказиладиган манзилда хавфсизлик чораларини қайта кўриб чиқиш, зарур куч ва воситаларни сафарбар этиш, масъул ходимларни бириктириш ва аниқланган камчиликларни тадбирлар бошлангунига қадар бартараф этиш топширилди.
Шунингдек, таълим муассасалари атрофида хавфсиз муҳитни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, фуқароларнинг байрам кунларини осойишта ўтказиши ва болаларнинг янги ўқув йилини хавфсиз шароитда бошлаши учун зарур чораларни кўриш вазифаси қўйилди.









