Самарқандда 9 ёшли бола ит тишлаганидан сўнг вафот этди. Ҳолат Соғлиқни сақлаш вазирлиги назоратига олинган
Куни кеча ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятида 9 ёшли боланинг қутуриш белгилари билан боғлиқ турли хабарлар тарқалди. Ушбу хабар юзасидан Республика давлат санитария эпидемиология маркази эпидемиологик суриштирув ишларини олиб борди.
Маълум бўлишича, шу йилнинг 4 июнь куни Самарқанд туман, “Раванак” маҳалласида истиқомат қилувчи 2010 йилда туғилган К.М.ни ҳудудда номаълум оқ рангли кичкина ит уйи олдида ўнг қўл билак соҳасини юзаки тирнаб, тан жароҳати етказган. Ҳолатдан хабар топган беморнинг онаси унга зудлик билан маҳаллий усулда хўжалик кир совуни билан жароҳат жойини ювиб, тиббиёт этил спирти ёрдамида биринчи тиббий ёрдам кўрсатган. Аммо унинг ота-оналари жароҳатга лоқайдлик билан қараб, профилактика мақсадида тез тиббий ёрдамга ёки ҳудудга яқин бўлган даволаш муассасасига мурожаат этмаган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарига кўра, натижада орадан қарийб 23 кун ўтиб болада тана ҳароратининг кўтарилиши, бир неча маротаба қайт қилиш, сув ичганда ютина олмаслик, тез-тез совуқ қотиш ҳамда кучли диарея белгилари кузатила бошланган. Эртаси куни ушбу аломатлар янада зўрайиб, бемор аҳволи оғирлашиб қолган. 29 июнь куни Самарқанд туман марказий поликлиникаси инфекционисти томонидан текширилганда, унда қутуриш белгилари аниқланади ва у шу заҳотиёқ тез тиббий ёрдам машинасида вилоят юқумли касалликлар клиник шифохонасига юборилади.
У ерда болага шифохона маслаҳат гуруҳи (бош шифокор, бош шифокор ўринбосари, қабул бўлими мудири, радиолог, эпидемиолог) томонидан номаълум итдан жароҳат олганлиги сабаб қутуриш касаллиги белгилари билан “А 82.0 га гумон” ташхиси қўйилган.
Самарқанд вилоят юқумли касалликлар клиник шифохонасининг бир гуруҳ малакали мутахассислари томонидан бемор учун барча зарур даво чоралари қўлланилган. Аммо шифокорларимизнинг шунча уринишларига қарамай, жароҳатга лоқайдлик билан муносабатда бўлинганлиги ва оғир даражага келиб қолганлиги сабаб бемор ҳаёти сақлаб қолинмади.
Айни пайтда М.К.нинг патологоанотомик органларидан намуна олиниб, ихтисослашган лабораторияда текширувлар ўтказилмоқда.
Ҳозирда вилоят Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази томонидан ҳудудда эпидемиологик ва эпизоотологик тадбирларни ташкил этиш мақсадида вилоят ветенария бошқармаси билан ишчи гуруҳи тузилиб, “Раванак” маҳалласи аҳолиси назоратга олинди ва зарур тадбирлар белгиланди. Натижада, ҳудуд аҳолиси ва ҳайвонлар ўртасида касаллик белгилари аниқланмади.
Мавзуга оид
13:49 / 14.11.2024
Самарқандда ўқувчи автобус уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024