Термиз тумани «Гулистон» маҳалласи ҳудудида жойлашган, «Баракат» (озиқ-овқат) деҳқон бозори» МЧЖга қарашли мол бозори учун Сурхондарё дарёсининг ўнг соҳилида 3 гектар жой ажратилган. Kun.uz’га мурожаат қилган фуқаролар ушбу бозор бузилишидан хавотирларини билдиришди.
Видео: Youtube
Видео: Mover (tas-ix)
Мазкур майдоннинг 1 гектарида мол бозори барпо этилган, қолган икки гектари бодомзор боғ қилинган, мевали дарахтлар орасидаги майдон маҳаллий фуқароларга сабзавот ва полиз экинлари экиш ва деҳқончилик қилиш учун ижарага ажратиб берилган. Мазкур молбозорнинг 51 фоизлик улуши Термиз туман ҳокимлигига тегишли, 49 фоизи эса фуқаро У.Панжиев ихтиёрида.




Сурхон халқи — гўштхўр халқ. Тўйларни-ку қўя туринг, хонадондаги оддий тантана ва маъракаларга ҳам жонлиқ сўйишади. Уч йил муқаддам маҳаллий аҳоли томонидан ташландиқ жой обод қилиниб, ҳашар йўли билан тикланган мазкур бозор Термиз тумани ва Термиз шаҳри аҳолиси учун хизмат кўрсатиб келаётган эди. Қолаверса, шу бозор атрофидаги «Гулистон» маҳалласида истиқомат қилиб келаётган аҳоли бозорда савдо қилиб, рўзғор тебратиб туришган эди.

Ҳафтада бир марта — якшанба куни бўладиган бозорда маҳаллий аҳоли ҳам бир ҳафтага етгулик даромад қилиб қолар, бу юмуш уларнинг ҳафталик даромадига айланиб улгурган. Қўшимча ерларда барпо этилган, боғдаги дарахтлар ҳамда бошқа экинларни суғориш учун қудуқ қазишган ва сув чиқаришган.



































