Баҳаво ва сўлим маскан сифатида «Ўзбекистон Швейцарияси» номини олган Хонобод шаҳри сўнгги икки йил ичида ўзгача қиёфа касб этиб, хорижлик меҳмонларни ҳам ўзига маҳлиё қилиб келмоқда.

Ўзбекистон Президенти 2018 йилнинг 19-20 май кунлари Андижон вилоятига ташрифи чоғида мазкур ҳудудни янада ривожлантириш юзасидан фикр билдирар экан, «Хонобод яқин йилларда ҳам республикамизнинг энг гўзал масканларидан бири эди. Энди у ўзининг аввалги шуҳратини қайтариши лозим», дея таъкидлаганди. Ортда қолган бир йил муддат ичида бу ерда юзлаб замонавий иморатлар қад ростлаб, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари авж олмоқда.

Хонтоғ этагида жойлашган шаҳарга қилган саёҳатимиз давомида бир олам таассурот ва хотиралар олиш баробарида она табиатга доғ тушириб турган хунук манзара гувоҳига ҳам айландик. Яъни, шаҳар марказий дафн этиш жойининг юқори қисми, «Хонобод» санаторийси орқасидаги чойхона пастида жойлашган адирдаги минглаб арчалар қуриб-қақшаб ётибди. «Арчалар қабристони»ни кезар эканмиз, сувсизликдан қуриб қолган бу арчаларга оби-ҳаёт улашган резина қувурлар ҳам қуёш нурлари таъсиридан яроқсиз ҳолатга келиб қолганига кўзимиз тушди.

Эътиборимизни тортган ушбу ҳолат бўйича маҳаллий аҳоли вакилларининг фикр-мулоҳазаларини эшитдик.

«Ўқитувчи ва пенсионерлардан пул йиғилган»

Хонободдаги мактаблардан бирида ишлаган собиқ ўқитувчининг (у шахси сир тутилишини истади) сўзларига кўра, арчалар 2018 йилнинг март-апрель ойларида экилганди.

«Шаҳримизнинг биринчи ҳокими, жонкуяр меъмори-ю боғбони Солижон Меҳмонов Хонободга 20 йилдан зиёд вақт мобайнида раҳбарлик қилган бўлса, у доим шу ернинг гуллаб-яшнашига ҳисса қўшиб, қаерга қандай иш билан бормасин, албатта, турли мевали ва манзарали дарахт кўчатларини олиб келиб, парваришлашни канда қилмаган экан. Бугун у инсон эккан дарахтлар туфайли Хонобод чирой очиб, соя-салқиндан одамлар баҳраманд бўлишяпти. Ҳозирги ҳокимимиз бир йил олдин «Ким ўзини Хонобод фарзандиман, деса бир донадан дарахт эксин», дея ташаббус билдирган. Ўшанда ҳатто ўқитувчи ва пенсионерлардан ҳам мажбурий тарзда арчалар учун пул йиғилган. Савоб ва юрт ободлигига ҳисса қўшиш мақсадида ўша арчаларга пул беришдан оғринмаганмиз. Аммо арчаларнинг ҳозирги аҳволини кўриб, ичимиз жудаям ачишади. Ахир бу ерга кўплаб одамларнинг меҳнати ва маблағи сарфланганди-ку? Наҳотки, уволдан қўрқишмаса?!», дейди у.