Афтидан сенсациялар лимити тугаб бўлган.

Америка Кубоги. Финал. 7 июль. Бразилия – Перу. (Тошкент вақти билан 8 июль куни соат 01:00).

Бразилия уйида ютқазмайди

Бразилия Перуга қарши – Америка Кубоги-2019 финали. Бу бироз кутилмаган финал жуфтлиги бўлди. Турнир мезбонлари финалга чиқишини ҳамма кутганди, бу терма жамоа финалга чиқа олмаганида бу мантиқдан бўлмасди. Пентакампеонлар ҳозирда қитъадаги энг кучли таркибга эга, ҳатто Неймарнинг сафдан чиқиши ҳам бу жамоада сезилмади, жамоани тажрибали ва ақлли мураббий Тите уч йилдан буён бошқариб келмоқда.

Қолаверса, мезбонлик мақоми ҳам кўп нарсага таъсир қилиши тайин - футболчилар ўз уйларида қўшимча куч билан тўп суришади. Бразилия гуруҳ босқичида осон рақибларга рўпара келди. Боливияни ҳам, Венесуэлани ҳам ҳеч ким жиддий қабул қилгани йўқ. Плей-офф босқичида эса бразилияликлар чорак финал ўйинидан олдин ҳам, яримфинал ўйинидан олдин ҳам рақибга қараганда бир кун кўпроқ дам олиш имкониятига эга бўлишди. Аввалги даврларда турнир мезбонларига ҳакамлар ёрдам бериши ҳақида тасаввурлар бўларди, VAR тизими жорий этилгач эса бу ўз долзарблигини йўқотди. Гуруҳ босқичида Венесуэлага қарши ўйинда видеотакрор орқали Бразилиянинг уч голи бекор қилинди. Парагвайга қарши ўйинда эса ҳакам аввалига «гуаранилар» дарвозаси томон белгиланган пенальтини видеотакрордан кейин бекор қилиб, жарима зарбасига алмаштирди. Лекин шу билан биргаликда яримфиналда Аргентинага қарши ўйинда ҳакам Родди Самбрано Дани Алвесга иккинчи сариқ карточка кўрсаишни «истамади».

Яна бир жиҳат борки, бу анъаналар. Бу сафарги Копа Америка мезбонлиги Бразилия учун бешинчи марта қитъа чемпионатига мезбонлик қилиш бўлиб, аввалги тўрт сафар ҳам бразиллар ғалаба қозонган. Чорак финалда Бразилия Парагвайга қарши ўйиннинг асосий вақтида ҳисобни оча олмади ва пенальтилар сериясидагина ғалабага эришди.

Перунинг сенсацион юриши

Перучи? «Инклар»нинг финалга чиқишини ҳеч ким кутмагани аниқ. Жанубий Америкада азалдан учта гранд терма жамоа мавжуд - Бразилия, Аргентина ва Уругвай. Лекин Америка Кубогида бу учлик вакилларидан иборат охирги финал 2007 йилда кузатилганди. Ўшанда Роналдиньоси бор Бразилия ёш Мессиси бор Аргентинани йирик ҳисобда мағлуб этганди - 3:0. Кейинги йиллардаги финалларда эса ҳамиша бир гранд жамоага ўртамиёна жамоалар вакиллари рақиб бўлиб келди.