Белграддаги Сербия саройида Сербияга расмий ташрифини амалга ошираётган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Сербия президенти Александр Вучич давлат раҳбарини самимий қарши олди.
Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Ҳарбий оркестр ижросида Ўзбекистон ва Сербия давлат мадҳиялари янгради, артиллерия тўпларидан ўн марта ўқ узилиб, тантанали салют берилди.
Давлат раҳбарлари фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутладилар. Биргаликда суратга тушилгандан сўнг олий даражадаги музокаралар бошланди.

























