Ўзбекистонда Реимбурсация дастури асосида аҳоли учун қулайликлар яратилган. Вазирлар Маҳкамасининг 2024-йил 2-октябрдаги тегишли қарори асосида артериал гипертония, юрак ишемик, қандли диабет 2-тури, қандсиз диабет, бронхиал астма ва меъда-ичак тизими хасталиклари каби 12 турдаги касалликлар бўйича 28 хил дори воситалари текин берилмоқда.
Аммо Реимбурсация дастуридан фойдаланишни барча фуқаролар бирдек яхши билади, деб бўлмайди. Шу боис, ССВ матбуот хизмати бу жараённи тушунтириб ўтди.
1) Ўзингиз бириктирилган оилавий шифокорга мурожаат қиласиз;
2) У клиник протоколлар асосида сизни текширувлардан ўтказади;
3) Касаллик тасдиқланса, оилавий шифокор сиз учун электрон рецепт шакллантиради;
4) Электрон рецепт Доимий фаолиятдаги ҳайъат раиси томонидан текширилади ва тасдиқланади;
5) Электрон рецептда кўрсатилган дори воситаларини Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартнома тузган дорихонадан оласиз. Маблағлар ушбу жамғарма томонидан дорихонага ўтказиб берилади;
Унутманг: 7 кун давомида дорихонага бормасангиз, электрон рецептни қайта олишингизга тўғри келади.
6) Электрон рецепт асосида олган дори воситаларини бир ой – 30 кун давомида қабул қиласиз;
7) Муайян вақтдан кейин тузалганингиз тасдиқланса, оилавий шифокор сизни диспансер рўйхатидан чиқаради.
«Агар ётиб қолган бўлсангиз, хонадонингизга тиббий бригада боради ва оилавий шифокор сиз учун электрон рецепт тузади. Дори воситаларини оила аъзоларингиздан бири ёки патронаж ҳамшираси етказиб беради.
Реимбурсация дастури доирасидаги дори воситаларини ҳар ой текин олишингиз мумкинлигини унутманг!» – дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.












