Ёш авлоднинг тарбияси ва таълимига бўлган эътибор ҳар қандай мамлакатнинг қудратида ўз аксини кўрсатади. Ўзбекистон аҳоли сони юқори суръатларда ўсиб бораётган мамлакатлар қаторига киради. Халқимиз азалдан «болажон» бўлган, бизда аҳолининг умумий сонида болалар ва ёшларнинг салмоғи катта, 3 - 7 ёшдаги болалар сонининг ўсиш суръатлари эса бутун аҳолининг ўсишига қараганда юқорироқдир.

Демак ёш авлоднинг тарбияси ва таълимига бўлган эътибор Ўзбекистон учун «ҳаёт ёки мамот» даражасида муҳим аҳамиятга эга десак муболаға бўлмайди.

Kun.Uz таҳририятига Хоразм вилояти Ҳазорасп тумани Питнак шаҳарчасида жойлашган 17-сон мактабгача таълим муассасаси (МТМ ёки болалар боғчаси) бўйича мурожаат тушди. Унда боғча биноси бир қисмининг томи ёпилмагани, натижада хоналар таъмирталаб бўлиб қолгани, болалар майдончаси бўйича муаммолар борлиги, турли анжомларнинг етишмаслиги каби бир қанча камчиликлар кўрсатилган эди.

«Табассум» номли 17-сон мактабгача таълим муассасаси Ҳазорасп туманидаги Питнак шаҳарчаси марказида жойлашган. 1988 йилда қуриб битказилган ва ишга туширилган.

Боғча 2 қаватли ва бир-бирига туташган 2та бинодан иборат. Биринчи бинонинг томи ёпилган ва умумий ҳолати қониқарли даражада. Ҳозирги пайтда бу бинода 230 нафар бола тарбияланмоқда.

Иккинчи бинонинг томи ёпилмаган. Натижада, турли ёғингарчиликлар оқибатида томдан чакка ўтиб, хоналарнинг деворлари таъмирталаб бўлиб қолган. Ёғоч поллар эса чириб, яроқсиз ҳолга келган. Айни пайтда иккинчи бинонинг қувватидан тўлиқ фойдаланилмаяпти.

17-сон МТМ раҳбари Нодира Ходжабаевадан бу муаммолар бўйича изоҳ олдик.

«Мактабгача таълим муассасамиз бир-бирига туташган 2та бинодан иборат. Улардан бирининг томи ёпилмаган. Ёғингарчилик пайтида томдан чакка ўтиб, хоналар фойдаланишга яроқсиз аҳволга келиб қолган. Натижада бу бинонинг қувватидан тўлиқ фойдалана олмаяпмиз. Бу бинодаги спортзал ва бошқа хоналар ёпиқ ҳолда турибди», - деди Ходжабаева.