Айни пайтда юртимиздаги барча олий ўқув юртларида абитуриентлардан тест синовларига ҳужжатларни қабул қилиш жараёни қизғин давом этмоқда. Kun.uz мухбири Қарши шаҳридаги олийгоҳларда қабул жараёни қай тарзда ташкил этилгани масаласи билан қизиқди.

Қарши давлат университетига ҳужжат топшираман, деган одам кўп. Биринчи навбатга касса олдида дуч келдик. Мактаб ва коллежларни аввалги йилларда битирганлар ярим минимал иш ҳақи тўлов қилиш учун кассага навбатда туришибди.

Қабул жараёни учун аудиториялар ажратилган. Талабалар ташқаридан ҳужжатни узатишмоқда. Қабул учун ажратилган аудиториялар деразалари ташқи томонида ёшларнинг кичик-кичик навбатлари ҳосил бўлган.



Қарши давлат университети қабул комиссияси масъул котиби Рашид Жумаевнинг айтишича, навбатлар ҳосил бўлишига 70дан зиёд оператор ишлаб турганига қарамасдан ДТМнинг қабул базаси тинимсиз «ташлаб юбораётгани» бош сабаб бўлмоқда. «База соатлаб ишламай қолмоқда. ДТМ серверидаги портларнинг етишмаслиги жойларда жуда катта муаммо келтириб чиқармоқда», дейишди улар. Маълум бўлишича, серверга бутун республика бўйлаб киритилаётган маълумотлар қаторлашиб, қайта ишлашга улгурмай қолинмоқда экан.

Кассалардаги навбатларни ҳам ҚаршиДУдаги мутасаддилар шунга боғлашди. «База ўз вақтида тайинли ишламаганидан сўнг квитанциялар чиқаришда ҳам муаммо кузатилади-да», дейишди улар.

Абитуриентларга қулайлик яратиш мақсадида университет ҳудудидаги сайёр кассалар шанба-якшанба кунлари ҳам фаолият кўрсатиб турибди. «Шанба куни 2193та ҳужжат рўйхатдан ўтказган эдик, якшанба куни бор-йўғи 256та ҳужжат қабул қилдик. Кўпчилик якшанба куни ҳам ишлаётганимизни билмаган», деди Р.Жумаев.






























