Жамият | 14:29 / 10.07.2019
40580
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда гўшт нархи 60 000 сўмга чиқди. Ҳокимлик арзонлаштирилган нархдаги гўшт 32 000 - 36 000 сўмдан сотилаётганини эслатди

Фото: Charly Triballeau/AFP

Деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари нархлари асоссиз ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорига асосан “Элга хизмат” масъулияти чекланган жамиятлари ташкил этилган, деб хабар бермоқда пойтахт ҳокимлиги.

Билдирилишича, мазкур корхона учун деҳқон бозорларининг аҳоли гавжум ва харидорлар учун қулай бўлган жойларидан 40 та савдо нуқтаси ажратилган. Арзонлаштирилган маҳсулотлар аҳолига нақд пулга ҳамда пластик карточкалар орқали сотилаётгани айтилади.

 “Деҳқон бозорларида гўшт нархининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида жами 30 та савдо жойлари бепул ажратиб берилган. Улар томонидан арзонлаштирилган нархларда қўй ва мол гўшти - 1 кг. учун 32000-36000 сўмдан сотилиши;

тухумнинг донаси 350 сўмдан 550 сўмгача, музлатилган ва янги сўйилган товуқ гўшти келтирилиб 1 кг.ми 14.000-18.000 сўмгача нархларда аҳолига сотилиши ташкил этилган”, - дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан деҳқон бозорларининг марказий ҳудудларидан озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси учун жойлар ажратилган ва уларда товарлар арзонлаштирилган нархларда сотилиши йўлга қўйилган.

“Масалан: шакар 4600 сўмдан 4850 сўмгача, ун 2700 сўм, гуруч 5700 сўм, ўсимлик ёғи 8800-9000 сўм. Бу савдо нуқталарида ҳам тўлов нақд пул ҳамда тўлов терминаллари орқали амалга оширилмоқда”, - дейилган маълумотда.

Таъкидланишича, шу кунга қадар Тошкент шаҳар деҳқон бозорларига Сурхондарё вилоятидан 1500 тоннадан ортиқ картошка, пиёз ва карам маҳсулотлари келтирилиб, алоҳида ташкил этилган савдо расталари ва юк машиналари орқали арзонлаштирилган нархларда сотилмоқда.

 Айни пайтда барча деҳқон бозорлари ҳудудларида 40 дан ортиқ юк машиналари ҳамда алоҳида ташкил этилган савдо расталари орқали арзонлаштирилган нархларда 375 тоннадан ортиқ қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, сабзавотлар ва ҳўл мевалар савдоси ташкил этилди ва давом этмоқда, дейилади пойтахт ҳокимлиги хабарида.

Ўз навбатида, куни кеча ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, Тошкент шаҳридаги савдо расталарида гўшт нархи 60 минг сўмга етган.

2018 йил бошларида Иқтисодиёт вазирлиги мамлакатда гўшт нархининг ошиш сабабларига аниқлик киритганди.

Ўшанда вилоятлар ва туманларда чорвачилик маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш комплексларининг етарли даражада ривожланмагани, фермер ва деҳқон хўжаликларининг маҳсулдор чорва моллари билан таъминланмагани ҳамда маҳсулдор чорва молларини етиштириш соҳасидаги илмий изланишларнинг етишмаслиги гўшт ва гўшт маҳсулотлари нархининг ошиб кетишига олиб келаётгани айтилганди.

Озуқа-ем маҳсулотларини етиштириш учун ер майдонларининг етишмаслиги, ерларнинг шўрланиши, озуқа-ем маҳсулотлари таннархининг юқорилиги, реализация қилишдаги “воситачилар”нинг кўплиги ҳам гўшт маҳсулотлари нархининг қимматлашувига сабаб бўлаётгани билдирилган.

Мавзуга оид