Соҳа мутахассисларнинг ёзишича, аслида, уларнинг ватани — Мексика. Аммо 1859 йилда АҚШнинг Колорадо штатидаги картошка далаларида уюштирилган даҳшатли “қирғин”дан сўнг ҳозирги номи берилган. Шимолий америкалик “меҳмон” юртимизга илк бор 1974 йилда Беларусдан келтирилган картошка уруғлиги билан бирга “ташриф” буюрган ва кўринишидан ҳали-бери “қорасини ўчиргиси” йўқ. Янглишмадингиз, гап деҳқонларнинг аллақачон “қўрқинчли туши”га айланган — Колорадо қўнғизи ҳақида. Бу ҳақдаги маълумотларни KUN.UZ’га “Ўздавкарантин” инспекцияси Ахборот хизмати тақдим этди.

Бу балони даф этиш чора-тадбирларига тўхталишдан олдин, ҳашаротни ҳайратланарли хусусиятлари ҳақида билиб олиш зарар қилмайди. Демак, Колорадо қўнғизи уч йилча ҳеч нарса емасдан яшаши мумкин. Жонивор жуда айёр, хавф сезганда ўзини “ўликка” солишдек “фазилатга” эга. Шунингдек, организми унча-мунча заҳарга мослашувчан, яъни тезда унга қарши иммунитет ҳосил қилиб олади.

Қўнғиз Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Бухоро вилоятларидан ташқари, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида тарқалган. Бу зараркунанда картошка баргини кемириб зарар етказади, айрим ҳолларда ҳосилни 50 фоизгача нобуд қилиши мумкин. Яна бақлажон ва помидорга ҳам иштаҳаси чакки эмас. Хўш, улардан қандай қутулиш ёки зарарини камайтириш мумкин?

Пиёз пўстлоғи. Маълум бўлишича, Колорадо қўнғизининг — пиёз, қалампир, хантал, саримсоқ ва ялпизнинг ўткир ҳидига “тоқати” йўқ. Шунинг учун мутахассислар картошкани ушбу ўсимликлар билан алмашлаб экишни тавсия этади. Хусусан, уруғ қадаш жараёнида “чуқурча”га пиёз пўстлоғини ҳам ташлаб қўйиш яхши самара беради.

Қўл “жанги”. Ҳашаротларга қарши курашда яна бир фойдали ва экологик хавфсиз методлардан бири. Уларни қўлда териб чиқиш — кичикроқ ҳамда камсонли “лашкар” йиғилган майдонда, айниқса, қўл келади. Аммо майда личинкаларини териш бироз диққатталаб юмуш. Кўпроқ ўсимлик япроғининг пастки қисмига эътибор қилинг, тўқ сариқ рангли митти кушанда одатда ўша ерга беркинган бўлади.

“Гадонинг душмани — гадо”. Энтомофаг жонзотлар ҳақида эшитганмисиз? Унда билиб қўйинг, бу термин ўзи ҳашарот бўла туриб, айни турдаги “махлуқотлар” билан озиқланадиганларга нисбатан қўлланилади. Масалан, хон қизи, жужелица, қандала, чумоли ва ўргимчаклар — колорадо қўнғизининг табиатдаги ашаддий душманлари ҳисобланади. Аммо уларни уй шароитида эмас, биолабораторияларда кўпайтириш қулайроқ.