11:52 / 11.07.2019
10768

Миришкорликлар «Ҳосил байрами»ни тантанали нишонлашди

2019 йил мамлакатда биринчилардан бўлиб давлатга 60 тоннадан ортиқ пилла, 70 минг тонна сара дон топширган миришкорликлар 9 июнь куни “Ҳосил байрами”ни тантанаворлик билан нишонлашди. 

Туман пиллакорлари ва ғаллакорлари меҳнат зафари байрамига бағишланган катта тадбир дастлаб Янги Миришкор қўрғонидаги “Шаҳзода” тўйхонасида ижтимоий ҳимояга муҳтож 24 нафар жажжи болакайларнинг суннат ҳамда 6 та жуфтлик келин-куёвларнинг бахт тўйи билан бошланди. Шундан сўнг, Гулистон қишлоғидаги “Меҳнат – роҳат” палаткали шаҳарчасида комбайнчилар, ташув техникалари ҳайдовчилари, ўрим отрядлари жамоалари ҳамда қишлоқ хўжалигига алоқадор бошқа таклиф этилганлар гавжумлигида давом этди. Ҳар иккала қўшалоқ тадбирларда тўкин дастурхон тузалиб, тадбир қатнашчиларига катта концерт дастури намойиш этилди. 

Шу куни байрам дастурхонидан сўнг, кечки салқинда Янги Миришкор шаҳарчасидаги марказий ўйингоҳ майдони ўзгача қиёфа касб этди. Бу ерда миришкорликларнинг “Ҳосил байрами” тадбири шодиёналарининг бадиий қисми қатнашчиларда катта таассурот қолдирди. Байрамона безатилган майдон туманнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган соҳа пешқадамлари, кўп сонли меҳмонлар ва минг-минглаб аҳоли вакиллари билан гавжум бўлди.

Тантанали маросим “Тўйлар муборак” чорлови билан бошланиб, тадбирда туман ҳокими Равшан Комилов йиғилганларни қутлаб сўзга чиқди. Тадбир Қашқадарё вилоят Маданият бошқармаси, туман маданият бўлими ва аҳоли дам олиш маркази ходимлари томонидан тайёрланган мусиқали байрам дастури ва театрлаштирилган томошалар билан бошланиб, айниқса Ўзбекистон Халқ артистлари Юлдуз Усмонова, Маҳмуд Намозовнинг чиқишлари тадбирга ўзгача тароват бағишлади. Байрам қатнашчилари кўтаринки руҳда ташкил этилган базм тантанасидан кайфиятлари чоғ бўлди.

Тантанавор руҳда кечган “Ҳосил байрами”  тадбирида туманнинг 70 минг тонналик қирмизи дор хирмони бунёд бўлишида муносиб улуш қўшиб, 70 центнердан юқори ҳосилдорликка эришган 10 нафар фермерга президент совғаси сифатида “Нексия – 3” (Равон), “Спарк”, “Кобальт”, “Жентра” ва “Дамас”  автомобиллари топширилди.

Top