Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг қатор ходимлари иш ҳақи оширилди
Ўзбекистон Республикаси президенти “Олий ва ўрта махсус таълим соҳасида бошқарувни ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги олий, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими бўйича ягона давлат сиёсатини, шунингдек, олий, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими муассасаларида бўйсунувига кўра вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўқув-тарбия жараёнига ташкилий ва методик раҳбарликни амалга ошириш юзасидан ваколатли давлат органи этиб белгиланди.
Вазирлик ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2019 йил 1 августдан бошлаб қуйидагиларни амалга ошириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди:
а) ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига кўра вазирлик бошқарув ходимлари лавозим маошларини аниқлашда тариф коэффициентларини бир ярим баравар миқдорида қўллаш ҳамда бу билан боғлиқ қўшимча харажатларни Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаш;
б) Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Вазирлик марказий аппаратининг:
фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига ёки хорижий давлатларнинг унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларига эга ходимлари ойлик иш ҳақига – 30 фоиз;
фан доктори ёки фан доктори (DSc) илмий даражасига ёки хорижий давлатларнинг унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларига эга ходимлари ойлик иш ҳақига – 35 фоиз устамалар белгилаш;
в) Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Вазирликнинг марказий аппарати ходимлари ойлик лавозим маошига олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимида хизмат қилган умумий иш стажи учун 3 йилдан 5 йилгача – 10 фоиз, 5 йилдан 10 йилгача – 20 фоиз, 10 йилдан 20 йилгача – 30 фоиз, 20 йилдан ортиқ – 40 фоиз ойлик устамалар тўлаш;
Республика олий ва касб-ҳунар таълими муассасаларида ўқиш учун хорижий фуқароларни кенг жалб қилиш мақсадида шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасалари ректорлари (филиаллар директорлари), касб-ҳунар таълими муассасалари директорларига бўйсунуви бўйича вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда:
хорижий фуқароларни ўқитиш учун олий ва касб-ҳунар таълими муассасаларида алоҳида бакалавриат таълим йўналишлари, магистратура мутахассисликлари, касблар ва мутахассисликлар очиш, уларни ўқитиш тили ҳамда академик гуруҳ шакллантириш учун зарур талабалар (ўқувчилар) сонини белгилаш;
касб-ҳунар таълими муассасаларида касблар ва мутахассисликлар бўйича таълим олиш истагида бўлган хорижий фуқароларни ўқитиш муддати, давомийлиги ва уларни тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини белгилаш ҳуқуқи берилади.
Мавзуга оид
15:13 / 18.11.2024
Ўзбекистон ва Қозоғистон таълимда қўшма дастурларни амалга оширишни муҳокама қиляпти
14:02 / 16.11.2024
Президент 9 нафар сенаторни тайинлади
20:17 / 05.11.2024
Маърифий фаолият билан рухсатсиз шуғулланганлик учун жавобгарлик белгиланди
17:18 / 05.11.2024