Сув инсон ҳаёти учун қанчалик муҳимлиги ҳақида ҳар куни эсланади. Уйингизда ҳамма нарса бўлса-ю, оби ҳаёт бўлмаса чикора.
Навбатдаги мурожаат Андижон вилояти, Андижон тумани, Хартум ҚФЙ, Ўрикзор маҳалласидан келиб тушди. Бу ерда бир неча йиллардирки аҳоли сувсизликдан, йўлсизликдан ва бошқа бир қатор муаммолардан азият чекмоқда.
Ҳолатни ўрганиш учун ҳудудда бўлдик. Ҳафтанинг иш куни бўлганига қарамай кўпчилик бўлиб кутиб олишди.
Видео: Mover (tas-ix)
«Порталга ёзавериб, хижолат ҳам бўлиб қолдик»
«Бизда сув йўқ деб бўлмайди. Сув бўлади, фақат қиш ойларида. Бу уйлар 90-йилларда берилган. Ўшандан бери аҳоли йиғилиб йиғилиб, шу маҳаллалар ташкил топди. Ўтган йиллар давомида давлат томонидан ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмаган. Маҳалла барчасини ўз кучи билан қилиб келмоқда. Йўл четидан катта труба ўтган. Ёнига катта 20 тонналик сув йиғувчи идиш ўрнатганмиз. Труба бизнинг ҳудудга келиб тугайди. Шундан сув тушиб туради. Агар сув тўлса, насос билан ҳайдаймиз. Сув қишда чиқади, бироқ ёз келганида сув тўхтайди ва сувсизлик бошланади. Бир ҳафтада бир тўлади. Текширувга вилоят, туман «Сув оқова»си раҳбарлари келган. Бизга кўкарган дарахтларни пеш қилишади. Советлар пайтида бу ерлар колхозга қарашли бўлган ва пахта экилган. Шу вақтларда насосдан сув чиқариб берилган. Кейин ободонлаштириш вақтида насосни бузиб ташлашди. Оқибатда ҳозир ҳамма сувсиз қолди. Тағин текширувчилар келиб биздан томорқага экин экишимизни талаб қилишади. Қандай қилиб ахир? Сув йўқ-ку?», дейди Усмон Юсупов.

«Ҳаводан сўнг энг зарури сув бўлса керак. Биз эса ёз ўтиб кетишини кутиб яшаймиз. Сентябрь ойларида сув чиқа бошлайди. Йўл масаласида мурожаат қилсак, келиб «шу кварталда қилиб берамиз», «бунисида қилиб берамиз» деб ортга суришади. Ҳеч нарса қилинмаган эди, қайта мурожаат қилдик. Кейин келишганида шағаллаб беришни ваъда қилишди. Орадан маълум вақт ўтиб, тизим ўзгарганини, энди бу иш билан улар шуғулланмасликларини айтишди. Ёнимизда янги коттежлар бор. У ерда бу муаммолар йўқ», дейди Дилмурод Қосимов


























