Ўзбекистон | 15:05 / 15.07.2019
110738
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳри прокурори ишдан кетди

Тошкент шаҳар прокурори Шерзод Облоқулов лавозимини тарк этди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар бермоқда.

Айни вақтда унинг ишдан кетиш сабаби маълум эмас. Шунингдек, унинг ўрнига ким тайинлангани ҳақида ҳам маълумот йўқ.

Адлия катта маслаҳатчиси Шерзод Облоқулов турли йилларда Бош прокуратурада прокурор ва бошқарма катта прокурори (2007−2011 йиллар), Навоий вилоятининг Хатирчи тумани прокурори (2011−2013), Жиззах вилояти прокурорининг биринчи ўринбосари (2013−2016) ва Сирдарё вилояти прокурори (2016−2017) лавозимларида ишлаган.

У Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг 2017 йил 12 июндаги буйруғига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва «Прокуратура тўғрисида»ги Қонунига асосан Тошкент шаҳар прокурори лавозимига 5 йил муддатга тайинланган ва мазкур прокуратура ҳайъати раиси этиб тасдиқланганди

Эслатиб ўтамиз, Отабек Муродов июнь ойи охирларида бош прокурор лавозимидан озод қилингач, прокуратура тизимида ўзгаришлар бошланди. Бош прокурордан кейин Бош прокуратура матбуот хизмати бошлиғи Сурайё Раҳмонова ҳам лавозимини тарк этди.

Июль ойи бошида эса Бош прокуратурада яна бир неча ўзгаришлар амалга оширилди. Кадрлар бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир Мирсафаев, Бош прокуратура Ички хавфсизликни таъминлаш бошқармаси бошлиғи Нажимаддин Жоламанов, Бош прокуратура Қишлоқ хўжалиги соҳасида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи Рустам Ҳайитов ҳамда Бош прокуратура Ички ишлар органларида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи Баҳром Тоштемиров лавозимларидан озод этилиб, уларнинг ўрнини мос равишда Содиқжон Назаров, Нодирбек Бойтемиров, Шавкатжон Раҳимов ва Содиқжон Бердиалиев эгаллади.

Мавзуга оид