Маркеснинг ушбу романи 1967 йилда чоп этилган бўлиб, ҳозирги кунга қадар дунё китобхонларини ҳайратга солишда давом этмоқда.

Воқеалар Макондо қишлоғида кечади. У ерда ғайритабиий ҳодисалар табиийдек қабул қилинади: ўликлар тирилади, одамлар осмонга кўтарилади, бир неча йиллаб ёмғир ёғади. Маркес мўъжизаларни шундай хотиржам тасвирлайдики, унинг ҳақиқатларига эътироз қила олмайсиз.

Ҳаммаси Хосе Аркадио Буэндиа ва унинг рафиқаси Урсуладан бошланади. Улар қариндошлар ўртасидаги никоҳдан туғиладиган фарзанд чўчқа думи билан дунёга келиши мумкинлигидан қўрқишади. Бу қўрқув йиллар давомида оила тақдирига соя солиб келади.

Қишлоқ дастлаб ташқи дунёдан узилган, содда ва тинч жойлар эди. Кейинчалик бу ерга янги одамлар, янги ғоялар ва янги муаммолар кириб келади. Макондо катталашади, аҳолиси кўпаяди, сиёсий курашлар бошланади.

Буэндиалар оиласида эса авлодлар алмашса-да, бир ғалати ҳолат такрорланаверади. Хосе Аркадио, Аурелиано каби исмлар кейинги авлодларга ҳам қўйилади. Исмлар билан бирга феъл-атвор, ички зиддиятлар ва хатолар ҳам қайтиб келаверади. Кимдир жангларда қатнашади, кимдир ўзини илмга бағишлайди, яна кимдир муҳаббат изтиробларига берилади. Бироқ уларнинг кўпчилиги ўз ички дунёсига қамалиб, яқинларини тушунишдан тобора узоқлашади.

Романнинг юраги ҳам аслида шу: инсоннинг ёлғизлиги атрофида ҳеч ким йўқлигига қараб белгиланмайди. Баъзиларнинг ёнида бутун бошли оила бўлса-да, ўз дардини ҳеч кимга айта олмайди. Баъзан инсон минглаб одамлар орасида яшайди, лекин ўзини ҳеч ким тушунмаётгандек ҳис қилади.

Масалан, полковник Аурелиано Буэндиани олайлик. У урушларда қатнашади, сиёсий курашларнинг марказида бўлади, катта шуҳрат қозонади. Бир қарашда, бундай одамнинг ҳаётида ёлғизликка ўрин йўқдек. Аммо йиллар ўтиши билан у одамлардан ҳам, ўз ҳис-туйғуларидан ҳам узоқлашади. Унинг ҳаётидаги ғалабалар қалбидаги бўшлиқни тўлдира олмайди.

Макондога банан компанияси кириб келади. У билан бирга иқтисодий ўзгаришлар, янги имкониятлар ва оғир ижтимоий зиддиятлар ҳам пайдо бўлади. Ишчиларнинг норозилиги қонли фожиа билан тугайди. Энг даҳшатлиси, ҳукумат томонидан содир этилган қотилликлар инкор қилинади, гўё ҳеч нарса юз бермагандек ҳаёт давом этаверади.

Шу ерда роман оиладан ташқарига чиқиб, бутун бир жамият ҳақидаги тасаввурларни пайдо қилади. Одамларнинг хотираси маданий услубда тозаланади, халқ жиноятларга кўз юмишга ўргатилади. Натижада эски фожиалар такрорланаверади.