16 июль куни Нью-Йорк шаҳридаги Колумбия университети вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда мазкур университет ва Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ўртасида Ўзбекистоннинг молиявий – иқтисодий соҳасида фаолият юритаётган раҳбарларнинг малакасини оширишга қаратилган таълим дастурларини амалга ошириш бўйича меморандум имзоланди. 

Америка, Европа, Осиё ва Африкада шу каби дастурларни амалга ошириш бўйича тажрибага эга бўлган профессор Эмики Ўзбекистон молиявий инфратузилмасини ривожлантиришда агентликнинг ташаббуслари ва муҳим ролини таъкидлаб, агентлик мақсад ва вазифаларини амалга ошириш учун таълим дастурларини ишлаб чиқишда илмий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

Томонлар Колумбия университетининг жорий йилнинг кузида Тошкентда қатор тренинглар ва семинарлар ўтказишига келишиб олдилар. 

Эслатиб ўтамиз, Колумбия университети АҚШнинг 1754 йилда ташкил этилган энг қадимги таълим муассасаларидан бири бўлиб, IVY - League ни ташкил этувчи саккизта Америка университетларидан бири ҳисобланади. Унинг битирувчилари кўплаб таниқли олимлар ҳисобланиб, давлат ва сиёсат арбоблари, шу жумладан 3 нафар АҚШ президенти, 96 та Нобел мукофоти лауреатлари ва 29 та давлат раҳбарлари бўлишган.