Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси ҳудудларининг туристик брендларини ишлаб чиқишга доир танлов якунларини эълон қилди.

Танлов Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида туризм тармоғини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан тасдиқланган «2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантириш Концепцияси»ни амалга ошириш бўйича «2019 йилги чора-тадбирлар режаси»га мувофиқ ўтказилди.

Ўтказилган очиқ умумхалқ онлайн овоз бериш жараёни натижаларига кўра, вилоятларнинг 9та туристик логотипи танлаб олинди. 5та ҳудуд бўйича ғолиб аниқланмади, сабаби – иштирокчиларнинг 20 фоизи барча вариантга қарши овоз беришди.

Бухоро вилоятининг туристик логотипи – лотинча Б ҳарфи билан бирлаштирилган «Минораи Калон» тасвири, муаллиф Жасур Ғайратов, 9825та (27,3 фоиз) овоз тўплаган.  

Қашқадарё вилоятининг туристик логотипи – учта барг – Амир Темурнинг тамғасига ишора, муаллиф Аслан Мўйдинов, 2859та (63,5 фоиз) овоз тўплаган.  

Наманган вилоятининг туристик логотипи – лотинча Н ҳарфига мослаштирилган гул новдаси ва гулбарги, муаллиф Жасур Ғайратов, 3315та (42,3 фоиз) овоз тўплаган.  

Самарқанд вилоятининг туристик логотипи – «Регистон» ансамбли, тоғлар, кўк гумбазлар ва Самарқанд нони тасвири, муаллиф Элмира Абизбаева, 8494та (50,8 фоиз) овоз тўплаган.  

Сурхондарё вилоятининг туристик логотипи – Сурхондарё каньонлари ва куйдирувчи оқ қуёш, муаллиф Ҳабиба Нигматуллаева, 5866та (51,4 фоиз) овоз тўплаган.