13:41 / 20.07.2019
23674

Тошкент вилоятида янги ОТМ филиали ташкил этилди

Фото: astu.org

Ҳукумат қарори билан Астрахань давлат техника университети (Россия Федерацияси)нинг Тошкент вилоятидаги филиали ташкил этилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Қарорга мувофиқ, балиқчилик тармоғи эҳтиёжларини қондириш учун ишлаб чиқариш ва энг муҳим илмий-тадқиқот вазифаларини ҳал этишга қодир бўлган юқори малакали кадрларни халқаро таълим стандартлари даражасида тайёрлаш Филиалнинг асосий вазифаси ҳисобланади.

Филиал Бош муассаса томонидан таъсис этилади ва кадрларга бўлган талабдан келиб чиқиб асосий бакалавриат таълим йўналишлари (магистратура мутахассисликлари) бўйича мутахассислар, жумладан, илмий-педагог кадрларни тайёрлайди, қайта тайёрлайди ва малакасини оширади.

2019/2020 ўқув йилида Тошкент давлат аграр университети Бош муассаса билан ҳамкорликда “Сув биоресурслари ва аквакультура” бакалавриат таълим йўналиши бўйича кундузги шаклда тўлов-контракт асосида рус гуруҳида кадрлар тайёрлашни давом эттиради.

Филиалнинг таълим фаолияти 2020/2021 ўқув йилидан бошланади.

Филиалда қуйидаги бакалавриат таълим йўналишлари (магистратура мутахассисликлари) бўйича кадрлар тайёрланади:

Сув биоресурслари ва аквакультура;
Экология ва табиатдан фойдаланиш;
Балиқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш технологияси;
Балиқчилик хўжалиги иқтисодиёти.

Филиал битирувчиларига Астрахань давлат техника университети (Россия Федерацияси)нинг белгиланган намунадаги дипломи берилади ва ушбу диплом Ўзбекистонда олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этилади.

2020 йил 1 августгача Филиал малакали профессор-ўқитувчилар таркиби билан танлов асосида тўлдирилиши таъминланади. 

Top