2019 йил 17 июль куни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг IV конференциясида Ўзбекистон журналистларининг касб этикаси кодекси қабул қилинди. Бу ҳақда ЎзА сайтида маълум қилинган.

Унда қайд этилишича, бу кодекс мажбурий характерга эга эмас, фақат тавсиявий мақомда бўлади.

МУҚАДДИМА

Инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланган демократик жамиятни сўз ва ахборот эркинлигисиз тасаввур этиб бўлмаслигини эътироф этиб, биз — Ўзбекистон Журналистлари мазкур касб этикаси кодексини (кейинги ўринларда – Кодекс) қабул қилдик.

Кодекс Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси (БМТ Бош Ассамблеяси, 1948 йил), Журналистикада касб этикаси халқаро принциплари (ЮНЕСКО, 1983 йил), Журналистлар одоб-аҳлоқи принциплари халқаро декларацияси (Халқаро журналистлар федерациясининг конгресси, 1954 йил) ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда қонунчилиги инобатга олинган ҳолда ишлаб чиқилди.

Кодекс журналистлар ва барча оммавий ахборот воситалари ходимлари ўз касб мажбуриятларини бажаришда риоя этиши шарт бўлган маънавий-ахлоқий йўналишларни белгилайди.

1. ЖУРНАЛИСТНИНГ КАСБ МАЖБУРИЯТИ

Ҳаққонийлик, холислик, адолат, фикрлар хилма-хиллиги ва инсон ҳуқуқларига ҳурмат Ўзбекистон журналистлари фаолиятининг асосий қоидаси ҳисобланади.

Журналист ўзининг сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш йўлидаги фаолияти жамият олдидаги бурчи экани ва унинг материаллари жамият манфаатларига хизмат қилиши кераклигини тўлиқ англайди.

Журналист Ўзбекистоннинг амалдаги қонунлари ва халқаро ҳуқуқ нормаларига асосланиб иш олиб боради, медиа маконда ижтимоий масъулият муҳитини яратган ҳолда соҳада ўзини-ўзи бошқариш тизимини вужудга келтириш ва мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшади, журналист обрў-эътибори ва шаънини ҳимоя қилади.

2. ЖУРНАЛИСТНИНГ ИЖТИМОИЙ МАСЪУЛИЯТИ

Журналист жамият учун ахборот тўплаши, тайёрлаши, тарқатиши, шунингдек фуқароларнинг ўз фикрларини билдиришлари учун эркин майдон яратади.

3. БЕТАРАФЛИК ВА ХОЛИСЛИК