Жамият | 18:16 / 24.08.2025
1995
2 дақиқада ўқилади

Энди нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига ноқонуний аралашганлар жаримага тортилади

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятига ноқонуний аралашганлар жавобгарликка тортилади. Бу Ўзбекистон президенти томонидан 21 августда имзоланган қонун билан белгилаб қўйилди.

Қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил 15 апрелда қабул қилиниб, Сенат томонидан 30 апрелда маъқулланган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, кодекс 197-8-модда (нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш) билан тўлдирилди. Унга кўра, давлат органлари мансабдор шахслари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш БҲМнинг 7 бараваридан 10 бараваригача (2 млн 884 минг сўмдан 4 млн 120 минг сўмгача) жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин 1 йил давомида такрор содир этилган бўлса, БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (4 млн 120 минг сўмдан 6 млн 180 минг сўм) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари (диний ташкилотлар бундан мустасно), шунингдек, уларнинг ваколатхоналари ва филиалларининг давлат рўйхатидан ўтмасдан (ҳисобга олинмасдан) фаолиятни амалга оширгани учун жарималар максимал миқдори камайтирилди. Эндиликда бу БҲМнинг 15 бараваридан 25 бараваригача (6 млн 180 минг сўмдан 10,3 млн сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Илгари жариманинг юқори миқдори БҲМнинг 30 бараварига (12 млн 360 минг сўм) тенг эди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид