Ўзбекистон | 07:51 / 24.07.2019
8575
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон минерал-хомашё базасини ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилди

Фото: LiveJournal

Ўзбекистон Республикаси президенти “Ер қаърини геологик жиҳатдан ўрганишни янада такомиллаштириш ва 2020-2021 йилларда минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш давлат дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Қайд этилишича, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан халқаро консалтинг компанияларини жалб этган ҳолда, замонавий халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани жорий қилишни ҳисобга олиб Ўзбекистон Республикаси минерал-хомашё базасини ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилган.

Давлат геология қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги,“Навоий КМК” ДК ва “Олмалиқ КМК” АЖ билан биргаликда ишлаб чиқилган, конларни топишни давом эттириш учун қидирув захираларини кўпайтириш мақсадида фойдали қазилмаларнинг истиқболли майдонларини қидиришни 2020 йилда 35 фоизга, 2021 йилда эса 40 фоизга етказишни назарда тутувчи ва қуйидагиларни ўз ичига олган 2020-2021 йилларда минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш давлат дастури маъқулланди:

республиканинг геологик-иқтисодий ҳудудлари кесимида фойдали қазилмалар прогноз ресурслари ва захиралари ўсишининг йиғма параметрлари;

ер ости сувлари захираларининг ўсиш параметрлари;

Давлат геология қўмитасининг геология ташкилотлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва модернизация қилиш учун харид қилинадиган замонавий геология асбоб-ускуналари ва махсус техника воситалари, дастурий маҳсулотлар ва материаллар рўйхати.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат дастурини амалга ошириш учун бюджет ажратмалари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Давлат геология қўмитасининг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигидаги махсус мақсадли ҳисоб рақамларидан ажратилишини кўзда тутади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш бўйича йиллик давлат дастурларини келишиш жараёнида Давлат дастурини амалга ошириш учун Давлат геология қўмитасига ажратиладиган маблағлар манбаларига аниқлик киритиш ҳуқуқи берилди.

Геология-қидирув ишларини олиб боришни янада такомиллаштириш, ер қаърини оқилона ўрганиш ва ўзлаштириш, шунингдек, кон-геология соҳасининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Мавзуга оид