ОАВ орқали дарахтларнинг кесилаётгани ҳақида серияли хабарлар бериляпти. Ўзига хос “тренд”га айланган ушбу салбий ҳолат жамоатчилик томонидан қаттиқ танқид остига олинса-да, бу иллатни бутунлай йўқотиб бўлмаяпти. Фуқаролар табиатга нисбатан аёвсиз муносабатда бўлишяпти. Бу ҳам етмаганидек, жониворларга очиқчасига тажовуз қилинаётгани вазият ҳақиқатан ҳам оғриқли эканлигини исботлаб турибди. Хўш, одамлар табиатга нисбатан нега бундай муносабатда бўлмоқда? Муаммонинг илдизи балки экологик таълимнинг жуда суст олиб борилаётганидадир? Умуман олганда, Республикада экологик таълимнинг ҳолати қандай? Ушбу мавзуга қатор мутахассислар ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
“Таълим тизимига зудлик билан экология фанларини киритиш зарур... (Наргис Қосимова, филология фанлари номзоди, доцент, экожурналист)
“Қуш уясида кўрганини қилади”, деган гап бор. Фарзанди қўлидаги чиқиндини дуч келган жойга улоқтирса, дарахтнинг шохини синдирса, жониворларга озор берса, аксари ҳолатда, ота-оналар индашмайди, танбеҳ беришмайди. “Болалигига боради-да...”, деб қўя қолишади. Кўчада индамай ётган ит ёки мушукни узоқдан кўришса, “Борма, тишлайди, тирнайди...”, деб жониворга талпинган гўдакда уларга нисбатан адоват ҳиссини уйғотишади. Ўрнак бўлиш ўрнига, гоҳида ўзлари қўлидаги сигарет қолдиғи, музқаймоқ қоғози, ичимлик идиши ёки шишасини дуч келган жойга ташлашади.

Бугун зудлик билан мактабгача таълим, ўрта, ўрта-махсус, олий таълим тизимига – қайси йўналиш бўлишидан қатъи назар, экология фанларини киритиш зарур. Чунки айнан экология ҳаётимиз, келажагимиз демакдир. Тўғри, ўрта таълим тизимида “Табиатшунослик”, “Экология” фанлари бор. Аммо уларнинг соати камлиги, шунингдек, мазкур фанлардан айнан мутахассисларнинг дарс ўтмаслиги етарли натижани бермаяпти.
Сингапур тажрибаси экологик таълим нақадар аҳамиятли эканлигини кўрсатиб туради: жамият болалар тарбияси юзасидан муаммоларга дуч келганида мамлакат бош вазири Ли Куан Юнинг ўтказган ислоҳотлари натижасида мактабларда ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига меҳрни кучайтириш борасида экология дарслари сони оширилди. Ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлган ота-оналарни уларнинг ўз фарзандлари уялтира бошлади. Сингапурда айнан уйсиз ҳайвонларни ҳимоя қилиш борасида кампаниялар бошланди. Натижада болалар ва ўсмирлар амалга ошираётган жиноятлар сони кескин камайди. Шунинг учун кўрилаётган чоралар, шу жумладан, қабул қилинаётган қонунлар, тарбиявий усуллар ҳайвонларга, ўсимликларга, балки бутун табиатга нисбатан инсонпарварлик маданиятини ва масъулият ҳиссини шаклланишига хизмат қилиши керак.

















