Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнуд Худойбердиев Вазирлар Маҳкамасининг доимий пропискага кирита оладиган ташкилотлар сони яна биттага кўпайтирилиши назарда тутилган қарорига муносабат билдирди.

Куни кеча Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Тошкентда доимий пропискага кирита оладиган ташкилотлар сони яна биттага кўпайиб, улар сафига Савдо-саноат палатаси ҳам қўшилибди. Ҳозир жами 87та ташкилот бор бу рўйхатда.

Бунинг мантиқсизлиги шундаки, фуқароларни 12та тоифага ажратган прописка ҳақидаги ўша машҳур қонуннинг 11-бандида ҳам, Вазирлар Маҳкамасининг 336-сонли қарори билан тасдиқланган рўйхатда ҳам илтимоснома киритиш ҳуқуқи фақат давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотларига берилган. Бошқача вариант йўқ.

Лекин 87талик рўйхатда 3та нодавлат нотижорат ташкилоти ҳам киритилган. Булар:

  • Ёшлар иттифоқи;
  • Маҳалла республика кенгаши;
  • Савдо-саноат палатаси.

Юқоридагилар давлат ташкилоти ҳисобланмайди, уларнинг ҳуқуқий шакли — ННТ!

Наҳотки шунақа қарорларни тайёрлаётганлар давлат ташкилоти билан ННТнинг фарқига бормаса? Боришади, борганда қандоқ. Чунки Вазирлар Маҳкамасида ҳам, ҳужжатларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказадиган Адлия вазирлигида ҳам жуда малакали юристлар ишлайди, бунга аминман. Фақат негадир кўз юмишади, кўриб кўрмасликка олишади. Ёки «тепадан» топшириқ бўлармикин кўз юмишга?

Бу гапларимни ўқиб, худдики рўйхатга қўшилган 3та ННТга қарши чиқаётгандай, рўйхатдан уларни ўчириш керак деяётгандай кўринишим мумкин. Лекин асло бундай эмас.

Кўпчилик яхши билади, бу лаънати прописка тизимига тиш-тирноғим билан қаршиман. Шу жумладан, меҳнат соҳасидаги энг катта дискриминация ва коррупцияни келтириб чиқараётган 11-бандга ҳам.

Чунки ҳукуматнинг ўзи фалон ташкилотга «сен бизга кераксан, республика аҳамиятига моликсан», деб туриб, бошқасини бу рўйхатга киритмасдан «сен бизга керакмассан, сенинг ходимларингни ҳам биз учун зиғирча қадри йўқ» дегандек иш тутишига чидаб бўлмайди.