Жамият | 15:39 / 29.07.2019
11840
2 дақиқада ўқилади

Кириш имтиҳонларига журналистлар учун ажратилган вақт – 20 дақиқа. Бу етарлими?

Бугун, 29 июль куни Ўзбекистонда Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари бошланди. Жараёнлардаги шаффофликни, абитуриентлар учун зарур шароитлар қандай ташкил этилганини ўрганиш мақсадида оммавий ахборот воситалари ходимларига ҳам рухсат берилди ва Давлат тест маркази томонидан журналистлар учун махсус бейджиклар тайёрланиб тарқатилди.

Таъкидлаш лозимки, имтиҳонлар куннинг икки вақтида - эрталаб ва тушдан сўнг ўтказилмоқда. Эрталаб имтиҳонга кириш учун соат 8:00да текширувлардан ўтиш бошланса, иккинчи сменадаги имтиҳонлар соат 13:00да бошланмоқда. Юқорида таъкидланганидек, жараёнларни ёритиш учун журналистларга рухсат берилган бўлса-да, айрим тушунарсиз ҳолатлар юзага келмоқдаки, буни қандай изоҳлашни ҳам билмайсан киши.  

Гап шундаки, Kun.uz мухбири ва оператори пойтахтнинг Мирзо Улуғбек тумани, Ниёзбек кўчасида жойлашган Олий ўқув юртлараро спорт мажмуасига – имтиҳонлар ўтаётган ҳудудга борди. Бироқ имтиҳон ўтказиш биносига кириш учун ҳаракат муваффақиятсиз якунланди. Чунки Давлат тест маркази томонидан ўрнатилган тартибга биноан оммавий ахборот воситалари вакиллари эрталаб соат 10:00дан соат 10:20гача, тушдан кейинги имтиҳонларга соат 17:00дан соат 17:20гача кириш учун рухсат берилган.

Энди ҳақли савол туғилади: имтиҳонлар тугаш арафасига келганда, уларнинг шаффофлигини қандай кўриш мумкин? Ахир бундай тадбирларда, энг муҳим қисми имтиҳон бошлангандаги илк 1-2 соат эмасми?

Журналистлар учун бундай имкониятлар тақдим этилиши қувонарли ҳол, албатта. Бироқ шунга яраша, бор ҳақиқатни, бор манзарани кўрсатиш учун белгиланган вақт меъёр даражасига келтирилиши мақсадга мувофиқ бўларди. Умид қиламизки, Давлат тест маркази ушбу ҳолатга эътибор қаратади.

Мавзуга оид