16:12 / 30.07.2019
55041

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» 6та самолётни сотувга қўйди

«Ўзбекистон ҳаво йўллари»  миллий авиакомпанияси 6та самолётни сотувга қўйди. Ушбу маълумотни компания раҳбарияти Kun.uzʼга тасдиқлади. 

«Иккита Boeing 767, иккита Boeing 757, юк ташувчи иккита Boeing 767 самолётлари сотувга қўйилган. Бундан кўзланган мақсад — авиапарк таркибини унификация (турларни камайтириш) қилиш. Йил якунига қадар, МАК фаолиятида реструктуризация бўлиши кутиляпти, авиа бозорда янги компания хизмат кўрсатиши бошланди. Шу билан МАК харажатларни камайтириб, оптимизация қилишни кўзламоқда» , — дейди компаниянинг молия-иқтисод департаменти директори Алишер Саттаров.

Унинг сўзларига кўра, компания сотувга қўйилган самолётлар 20 йиллик тарихга эга, парк таркиби янгиланиши керак. Шунингдек, бир турдаги самолётларнинг жамланиши эҳтиёт қисмларни сотиб олиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш харажатларини камайтиради.

«Ўрта масофага учиш учун мўлжалланган А320 оиласига тегишли самолётлар сотиб олиниши режалаштирилган. Албатта, булар узоқ муддатли режада белгиланган вазифалар бўлиб, харидлар босқичма-босқич амалга оширилади» , — дейди у.

Компания вакили МАК тасарруфидаги «Дримлайнер» ларни сотиш масаласи кўрилмаётганини айтди.

«Бу масалада аниқ қарор йўқ. Балки Sale and Lease back кўринишида ишлармиз, бу ҳали муҳокама қилинади» , — дея қўшимча қилди у.

Маълумот учун, Sale and Lease back активларни сотиб, уларни ижарага олишни назарда тутади.

Top