Сенатда янги қўмита тузилди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти ўта муҳим ва долзарб вазифаларни ҳал қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида янги тузилма – Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасини тузишни таклиф қилганди.
Мамлакатда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, муносиб турмуш ва меҳнат шароитларини яратиш, тадбиркорлик ташаббусларини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда камситилишига йўл қўймаслик, шунингдек бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши устидан тизимли парламент назоратини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда гендер тенгликни таъминлаш бўйича фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Унга кўра Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабарига кўра, қўмитанинг асосий вазифалари қаторида мамлакатда гендер тенгликни таъминлашга ва хотин-қизларнинг давлат ва жамият ишларида фаол иштирок этишига қаратилган давлат сиёсатини амалга оширишга доир тавсиялар ишлаб чиқиш,гендер тенглик масалалари ва оила институтини ривожлантиришга оид қонунларни мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига ҳамда халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан кўриб чиқиш ва тегишли хулосалар бериш каби муҳим йўналишлар белгиланди.
Шунингдек, Қўмита зиммасига аёллар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш бўйича умумэътироф этилган халқаро нормаларни миллий қонун ҳужжатларига имплементация қилиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш, гендер тенглик масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси қўшилган халқаро ҳужжатлар нормаларининг амалиётга жорий этилиши ҳамда унда белгиланган тавсиялар ижро қилиниши юзасидан мониторинг олиб бориш вазифаси ҳам юклатилди.
Жойларда аҳоли, жумладан хотин-қизлар билан бевосита мулоқот қилиш орқали гендер тенглик масалаларига оид ҳақиқий аҳволни ўрганиш ҳамда бу борада аниқланган долзарб масалаларни парламент назорати воситаларини қўллаган ҳолда ҳал этиш чораларини кўришга ҳам Қўмита фаолиятида алоҳида эътибор қаратилади.
Бундан ташқари, Қўмита аъзолари репродуктив саломатликни, шунингдек оналик ва болаликни муҳофаза қилиш самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар тайёрлаб, жисмоний ва юридик шахсларнинг хотин-қизлар,гендер тенглик ва оила институтига оид масалалар юзасидан мурожаатларини ҳам кўриб чиқадилар.
Мавзуга оид
15:48 / 20.11.2024
Сенат қўмиталарига раислар сайланди
13:56 / 19.11.2024
Танзила Норбоева Сенат раиси лавозимига қайта сайланди
12:40 / 19.11.2024
2025 йилда туман ва шаҳарлар бюджетлари 1,5 баробарга ошади
12:27 / 19.11.2024