30-31 июль кунлари Ўзбекистон чемпионатида 15-тур ўйинлари бўлиб ўтди. Турнир жадвали етакчиси «Пахтакор» Навоийда «Қизилқум» меҳмони бўлиб, йирик ҳисобда ғалаба қозонди ва чемпионлик учун навбатдаги қадамини ташлади. Ўз майдонида «Динамо»ни енгган «Локомотив» эса 2-ўринда қолди. Қуйида турнинг қизиқарли воқеаларини эслаймиз.
27-сонияда гол, пенальти яна Мурод олдида ожиз. Бақоев жамоаси дадил одимламоқда
Турнинг очилиш ўйини Қўқонда ўтказилди. Ўз майдонида Жиззахнинг «Сўғдиёна» жамоасини қабул қилган «Қўқон-1912» 1:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Улуғбек Бақоев жамоаси давралар оралиғида Жасур Ҳасанов ва Иван Нагаев каби кучли футболчилар билан кучайди. Бу эса ўз самарасини бермоқда. Иккинчи давранинг очилиш ўйинида Бабаяннинг «Локомотив»ини мағлуб этган жиззахликлар бу гал Қўқонда ғалаба қозонишди.
Ўтган ўйинда Жасур Ҳасановнинг ажойиб ҳаракатлари «Сўғдиёна»га «Локомотив» устидан ғалаба келтирганди, бу гал яна бир янги футболчи Иван Нагаев «Сўғдиёна» ғалабасига ҳисса қўшди. Иван 27-сониядаёқ гол уриб, жиззахликларни ҳисобда олдинга олиб чиққанди. Кўп ўтмай Мурод Холмуҳаммедов пенальтини голга айлантириб (одатдагидек) фарқни тиклади, аммо ғалаба голини «Сўғдиёна»нинг грузиялик легионери Кахи Махарадзе урди. Бақоев пул бор жойда яхши ишлашини «Бухоро»да кўрсатганди. Ҳозир «Сўғдиёна»да пул бор, яхши футболчилар ҳам, шу боис жамоадан яхши натижалар кутиш мумкин.
«Локомотив» бир киши кам ўйнаган «Динамо»ни пенальтидан гол уриб енгди. Файзиев жамоасида кетма-кет учта пенальти, кетма-кет учта мағлубият...
Давралар оралиғида Тошкентда йиғин ўтказган Самарқанднинг «Динамо» жамоаси иккинчи давранинг дастлабки икки ўйинини ҳам пойтахтда ўтказди. Ўтган турда «Бунёдкор»га мағлуб бўлган самарқандликлар бу гал «Локомотив»га имкониятни бой беришди. Даврон Файзиев шогирдлари сўнгги учта ўйинда мағлуб бўлишмоқда: икки марта «Бунёдкор»га, бир марта «Локомотив»га. Бу уч ўйинда «Динамо» дарвозасига уч марта пенальти белгиланди.
«Локомотив» - «Динамо» ўйини тақдири ҳам амалда пенальтидан киритилган гол эвазига ҳал бўлди. Акобирхўжа Шукруллаев пойтахтликлар яримҳимоячиси Остон Ўрунов жарима майдончасига кира сола йиқилгани учун пенальти белгилади. Бу эса меҳмон мухлисларнинг кескин эътирозларига сабаб бўлди. Ҳакам қўшимчасига 76-дақиқасида самарқандликларнинг асосий футболчиларидан бири Жасур Азимовни майдондан четлатди. Темурхўжа Абдухолиқов билан икки марта тўқнашиб, икки сафар ҳам огоҳлантирилган Азимов майдонни эрта тарк этди.
Ҳакам томонидан қўшиб берилган 3-дақиқада эса Медина Смит Бабаян жамоасидаги дебют ўйинидаёқ голини нишонлади. Шу тариқа, «Локомотив» 2-ўринга мустаҳкам жойлашди. «Динамо» кетма-кет учинчи мағлубиятдан сўнг 9-ўринга тушиб кетди. Биринчи давра кашфиёти «Динамо»ни «хавфли ҳудуд»дан 7 очко ажратиб турганини инобатга олсак, Файзиев жамоаси кейинги ўйинларда очко олмаса, аҳвол қийинлашади.





















