2 август куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги мутасаддилари билан биргаликда экспортёрларни қўллаб-қувватлашнинг янги тизими ҳақида пресс-брифинг бўлиб ўтди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги бўлим бошлиғи Ботир Мадраҳимовнинг маълумот беришича, экспортёрлар фаолиятини рағбатлантириш мақсадида ҳукумат томонидан қатор енгилликлар берилди. Жумладан, 2019 йил 24 майда «Экспорт фаолиятини молиялаштириш ва суғурта ҳимояси механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги  Президент қарорига кўра, айрим маҳсулотларни экспорт қилишда чекловлар олиб ташланди.

2019 йил 1 июндан бошлаб экспортёрлар тирик ва сўйиб тайёрланган товуқ, қуён ва балиқ маҳсулотлари, дон маҳсулотлари (тариқ, мош)ни алоҳида ҳукумат рухсатисиз экспорт қилиши мумкин. 2017 йил 15 декабрда 5286-сонли Президент фармонига мувофиқ, бу турдаги маҳсулотларни экспорт қилиш учун Президент ёки ҳукумат қарори талаб этиларди.

Бундан аввал, 2018 йил 30 октябрдаги 5564-сонли Президент фармонига кўра, 2019 йил 1 январдан бошлаб экспорт чеклови бекор қилинадиган айрим товарлар рўйхати белгиланганди.