29 июль куни Хоразм вилояти маркази Урганч шаҳрида олий таълим муассасаларига кириш учун тест имтиҳонлари бошланди.

Абитуриентлар «Ёшлик» спорт-мажмуасининг катта павильони ва 2 та биносида, 2 та сменада тест имтиҳонларини топширмоқда. Жараён ҳар доимгидек ҳуқуқ тартибот идоралари ва Давлат тест маркази томони ходимлари томонидан қаттиқ назорат остида кечмоқда.

Абитуриентлар тест топшириладиган бинога киришда уч босқичли текширувдан ўтказиляпти. Имтиҳонга шпаргалка, телефонлар ва бошқа техник воситаларнинг олиб кирилишига йўл қўйилмаяпти.

Бундан ташқари, ҳар бир абитуриент шахси махсус тизим орқали идентификация қилинмоқда. Унинг юзи ва зарур ҳолларда бармоқ излари орқали шахси тасдиқланяпти. Бу эса бегона шахсларнинг тест имтиҳонига кириб кетишининг олдини оляпти. Бошқа абитуриентнинг ўрнига киришга уринганлар эса тест имтиҳонидан четлатилмоқда.

Тест имтиҳонлари ўтказиладиган бино 1200 абитуриентга мўлжалланган. Тест топширувчилар алоҳида стол ва стул, ручка ва тест жавоб варақасини тўлдириш йўриқномаси, шунингдек, ичимлик суви билан таъминланган. Бино ичи катта кондиционерлар орқали етарли даражада совутилмоқда.

Тест имтиҳони бошланганидан сўнг, катта экранда таймер ишга туширилади. У абитуриентларга тест якунланишига қолган вақтни кўрсатиб туради.

 

Бино ичида ва унинг атрофида, кириш-чиқиш жойларида 50 га яқин видеокамера ўрнатилган. Улар орқали тест жараёни махсус ходимлар томонидан кузатиб борилади.