Бухоро шаҳридаги «Ҳазрати имом» қабристони энг катта ва қадимий қабристонлардан бири бўлиб, ҳудуди 17 гектарни ташкил қилади. Айни вақтда ушбу қабристонда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда қабристондаги ободонлаштириш ва турли қурилиш ишларига шаҳардаги мавжуд ташкилотлар, жумладан, таълим тизими, тиббиёт муассасалари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари ва ҳарбий қисм аскарлари мажбурий жалб қилинаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Kun.uz мухбири Бухоро шаҳридаги ушбу қабристонга борди ва мавжуд вазиятни жойида ўрганди.
Қабристонда ҳақиқатан ҳам кенг кўламда ободонлаштириш ишлари олиб борилаётганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Турли юмушлар билан банд бўлган фуқаролар билан суҳбатлашдик.
«Биз ободонлаштириш бошқармасида ишлаймиз. Бу ерда ишлар бошланганига бир ойга яқин вақт бўлди. Тўғри, бу ерда биздан ташқари, турли ташкилотлар ходимлари, ўқитувчилар ҳам, шифокорлар ҳам келиб ишлашмоқда. Бугун ҳам эрталабдан туш вақтигача ишлаб кетишди», — дейди Бухоро шаҳар ободонлаштириш бошқармасининг исмини очиқлашни истамаган ишчиси.

Албатта, қабристонлар ободлигига ободонлаштириш бошқармаси ишчи-ходимлари масъул. Аммо қолган ташкилотлар ходимлари-чи?
Шундан сўнг, қабристонда бўёқлаш ишларини олиб бораётган яна бир фуқаро билан суҳбатлашдик.

«Ўзим боғчада ишлайман. Бизга шу ерга келиб ёрдам беришимизни айтишган. Бир неча кундан буён ишлаяпмиз. Шаҳардаги ҳамма боғчадан келишяпти», — дейди у биз билан суҳбатда. У ҳам исми сир қолишини биздан қаттиқ илтимос қилди.
Ўрганишимиз давомида фуқаролик кийимида жазирама иссиқда ишлаётган Бухоро шаҳридаги ҳарбий қисм аскарларини учратдик.

«Бизни бу ерга бугун олиб келишди. Ишлаяпмиз, ёрдам беряпмиз», — дейди аскар.
Маълум бўлишича, ташкилотларнинг аксарияти эрталабдан туш вақтигача ишлаб кетишган (биз қабристонга тушдан кейин бордик).













