Давлат хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, Божхона қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Бухоро шаҳрида фаолият юритган нарколаборатория фош этилган.
Жондор туманида яшовчи 27 ва 29 ёшли икки фуқаро интернет наркодўконида «омборчи» ва «кимёгар» вазифаларини бажаргани айтилмоқда. Улар вилоят марказидаги кўп қаватли уйлардан бирининг хонадонида синтетик гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш ва сотишни йўлга қўйганликда гумонланмоқда.
Хонадон холислар иштирокида кўздан кечирилганда, у ердан 6 килограмм 650 грамм «спайс», SIM-карталар, респираторлар, қўлқоплар, зип-пакетлар, электрон тарози ва кўп миқдорда тамаки маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинган.
Тезкор тадбир давомида Когон туманидаги хуфиёна жойлар ҳам текширилган. У ерлардан гумонланувчилар кичик қисмларга бўлиб яширгани айтилаётган яна 4 килограмм 200 грамм «спайс» топилиб, процессуал тартибда расмийлаштирилган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25, 273 ва 276¹-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

















