Бугунги кунда юртимизнинг турли нуқталарида кенг кўламдаги бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Сўнгги кунларда эса бу ишлар авж палласига кирди. Қашқадарёнинг Яккабоғи ва Хоразмнинг Чондирқиётида рўй берган шов-шувли воқеалардан кейин уйлари ва дўконлари бузилганларга компенсациялар тўланиб, қурилиш ишлари жадаллашиб кетди. Ҳамма «ўзбек тилида пайдо бўлган янги сўз» - «снос» ҳақида гапира бошлади, бош вазир, бош вазир ўринбосари, вазирлар, депутатлар, журналистлар... Энди ҳаммаси зўр бўлиб кетадигандек таассурот уйғонди, қаердадир «фавқулодда вазият» ҳам жорий этилди, Фарғонада эса оммавий сафарбарлик эълон қилинди.

Балки, Фарғона вилоятининг Риштон тумани марказий кўчаларида амалга оширилаётган қайта қуриш ишларининг кўлами кенгроқ ва каттароқдир, лекин водийда худди шундай «Обод марказ» лойиҳаси Наманган вилоятининг Чуст, Андижон вилоятининг Марҳамат ва бошқа қатор туманларда ҳам олиб борилмоқда. Айтиш мумкинки, бошқа ҳудудлардаги «снос» ва компенсация тўлаш жараёни, қурилиш ишлари аҳоли ва тадбиркорлар учун оғриқли кечмаяпти.

Риштон халқининг тинчи бузилганига анча бўлган. Баҳордаёқ сайтимизда Риштон марказидаги бозор бузилиши туфайли савдогарлар муаммоларга дуч кела бошлаган, сайтимизда уларнинг мурожаати асосида «Риштонда нима гаплар?» Туман марказидаги бузилиш ишлари ҳақида» сарлавҳали материал эълон қилинган, унда тадбиркорлар огоҳлантиришсиз бузилган дўконлари учун ер ва компенсация берилишини кутаётгани баён қилинганди.

Июнь ойида ижтимоий тармоқда алдаб уйи бузилган риштонликлар президентдан ёрдам сўраган видеомурожаат тарқалганди. Ушбу ҳолат ҳам ўрганилиб, «Ёқмаса, Қирғизистонга кўчиб кетинглар!»: Риштонда бузилаётган уйлар эгалари нега ўз ҳолига ташлаб қўйилди?» сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Сўнгги кунларда эса Риштондаги вазият бошқа йўналишда ривожланиб кетди, энди бу ҳудуддаги аҳолига ёрдам кўрсатила бошланди, раҳбарлар аҳоли билан учрашиб, уларнинг дардини тинглаш учун уйма-уй юра бошлади, интернетни ушбу ҳудудда бошланган ободонлаштириш ишлари тасвирлари тўлдирди, ҳаммаёқни тақа-туқ овоз қамраб олди. Аммо бу ишлар вилоятнинг бошқа ҳудудларидан минглаб одамни шу туманга ташлаш орқали кечмоқда. Интернетда Риштон марказидаги қурилиш-бузилиш ишларига вилоятдаги кўплаб корхона, ташкилот, муассаса ходимлари мажбурланаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

ЎзА сайтида нашр қилинган «Риштонда уйи бузилишга тушган ҳар бир оилага кўмак берилмоқда» сарлавҳали мақолада 27-28 июль кунларида Фарғона вилоятининг Риштон туманидаги ободонлаштириш ва қурилиш ишларига вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан 13562 нафар ҳашарчи жалб қилингани тўғрисида маълумот берилди.