Жаҳон | 00:43 / 03.08.2019
8062
2 дақиқада ўқилади

S7 авиакомпанияси Сибирда 1 миллионта дарахт ўтқазиш учун маблағ йиғишни бошлади

© Sputnik / Павел Львов

Россиянинг катталиги бўйича «Аэрофлот»дан кейин иккинчи ҳисобланувчи S7 Airlines авиакомпанияси Сибирдаги ўрмон массивини қайта тўлдириш учун ташаббусни бошлади. Унинг мақсади — 1 миллионта дарахт ўтказиш учун маблағ тўплаш, деб хабар бермоқда авиаташувчининг «Фейсбук»даги саҳифаси.

S7 Airlines Сибирдаги йўналишлар бўйича авиакомпания сайти ёки мобил иловаси орқали сотилган ҳар бир чиптадан дарахт ўтқазиш учун 100 рубль ўтказиб беради. Компания сайтида ҳам 100 рублдан бошлаб исталган суммани хайрия қилиш имконияти яратилган.

Бу йўлда S7 Airlines ўзининг аввалги номи — «Сибирь» авиакомпанияси» брендини вақтинча ўзига қайтарган. Фақат айтилаётган сумма йиғилганидан сўнг улар S7 Airlines брендига қайтишмоқчи.

«Сибирь — авиакомпаниямиз ватани. Биз ҳудуддаги экологик муаммолардан четда туролмаймиз. Ўрмон ёнғинлари 3 миллион гектардан ортиқ майдонни қамраб олди. Умид қиламизки, вазият тез орада ўзгаради. Лекин янги ўрмонлар яратиш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича ишларни қўллаб-қувватлаш лозим деб ҳисоблаймиз», — дейилади авиакомпания хабарида.

Лойиҳа ҳамкори «ЭКА» экологик жамоатчилик ташкилоти томонидан асос солинган «Дарахт ўтқаз» («Посади лес») ўрмонни қайта тиклаш хизматидир. «Посади лес» ёнғинлардан зарар кўрган ҳудудларни тиклаш марафонини бошлаган. Унда 1 сентябргача иштирок этиш мумкин. Тўпланган пуллар Иркутск областида дарахт ўтказиш учун сарфланади.

Айни пайтда ўрмон ёнғинлари туфайли Иркутск области ва Красноярск ўлкаси бутун ҳудудида, шунингдек, Ёқутистон ва Бурятиянинг бир муниципал районида фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид