Танзила Норбоева Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси бўлди
2019 йил 3 август куни Олий Мажлис Сенатида Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг ташкилий йиғилиши бўлиб ўтди. Уни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси, Миллий комиссия раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабарига кўра, йиғилишда Президентнинг 2019 йил 30 июлдаги “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан тузилган Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси зиммасига юклатилган вазифаларнинг самарали ижро этилишини таъминлаш ҳамда Миллий комиссия фаолиятига оид айрим ташкилий масалалар муҳокама қилинди.
Йиғилишда Миллий комиссия таркибидаги Одам савдосига қарши курашиш ҳамда мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссиялар таркиби ҳам кўриб чиқилди. Кичик комиссиялар фаолиятини тартибга солувчи тегишли низом лойиҳалари, иш режалари ҳамда 2019 – 2020 йилларда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида давлат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳасини ишлаб чиқиш ва Миллий комиссияга киритишга доир масалаларга эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, мажбурий меҳнатга қарши курашиш ҳамда одам савдосининг олдини олиш, бу каби салбий ҳолатларнинг рўй бермаслигига қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш, бунда мавзуга доир видеоролик, шарҳ, рисола, плакат, буклет, флаер ва бошқа материаллар тайёрлаш, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғида зарур маълумотлар тарқатиш мақсадга мувофиқдир. Бундан ташқари, фуқароларнинг одам савдосида қўлланиладиган восита ва услублардан хабардорлик даражасини оширишда оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланиш зарур.
Шунингдек, одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида ривожланган хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаси ўрганилиб, миллий амалиётга татбиқ қилиниши лозимлиги қайд этилди.
Сўзга чиққанлар одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалаларида амалдаги қонунчиликни янада такомиллаштириш, шунингдек Халқаро меҳнат ташкилотининг қатор конвенцияларини миллий қонунчилигимизга имплементация қилиш, меҳнат соҳасидаги асос солувчи тамойиллар ва ҳуқуқларга риоя этилиши бўйича халқаро методологиялар ва воситалардан фойдаланган ҳолда мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича таъсирчан чоралар кўриш масалаларига ҳам урғу бердилар.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича ҳудудий комиссиялар ташкил этиш ва уларнинг таркибини тасдиқлаш, Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича 2019–2020 йилларга мўлжалланган ҳудудий чора-тадбирлар режасини тасдиқлаш, шунингдек ҳудудий комиссиялар томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳар чоракда Миллий комиссияга ахборот тақдим этиб бориш вазифалари юклатилди.
Йиғилишда Миллий комиссиянинг фаолиятида очиқлик ва ошкоралик тамойилларига риоя қилиш, Миллий комиссиянинг расмий веб-сайти ишлаб чиқиш ва унинг фаолият юритилишини таъминлаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги ваколатхоналари мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳақида халқаро жамоатчиликни кенг хабардор қилиш зарурлиги ҳақида ҳам сўз юритилди.
Йиғилишда билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифларни инобатга олган ҳолда Миллий комиссиянинг тегишли қарори қабул қилинди, дейилади хабарда.
Мавзуга оид
13:10 / 17.11.2024
Ўзбекистон парламенти аъзолари Бокуда ўтаётган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференцияда иштирок этди
22:55 / 16.11.2024
Ўзбекистон иқлим ўзгаришларига қарши курашда иштирокини давом эттиради — Танзила Норбоева
20:31 / 27.10.2024
Танзила Норбоева набираси билан бирга сайловда овоз берди
22:30 / 25.10.2024