Сўнгги пайтларда қизлар ва аёллар ўртасида содир бўлаётган жиноятлар сони ортиб бормоқда. Ҳафта давомида тарқалган янгиликлар ичида бирортаси албатта шу ҳақида бўлади. Боласини сотган, ташлаб кетган қизлар, турмуш ўртоғини, оила аъзоларини ўлдиришга жазм қилган аёлларнинг сони камайиш ўрнига ортиб бормоқда. Балки авваллари ҳам бундай мудҳиш воқеалар кўп бўлган бўлиши мумкин. Бироқ, бугун ахборот тарқатиш ривожлангани учун ҳам сув тубига чўкиб ётган баъзи оғриқли нуқталар энди кўриниш беряпти.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хотин-қизларни ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш соҳаларида ҳамкорлик қилиш бўлими бошлиғи Ш.Казакбаев:
Хотин-қизлар қўмитаси ҳар бир қизнинг ортидан кузатолмайди...
“Бизнинг замонда унақа эди, бунақа эди”, деб кўп таққослашга чевар катталарнинг гапи барчамизга, айниқса, бугунги кун ёшларига бироз ғалати, шу билан бирга, қулоққа ёқмайдигандек сезилади. Чунки, ёшлар ўша замонни билмайди-да. Билишимизча, аввал аёл жигарбандини уриш тугул, қаттиқ бақирмаган ҳам, боласини бировга сотиш хаёлига ҳам келмаган. Бозор иқтисодиётини нотўғри тушунаётган айрим хотин-қизлар бугун чақалоқ сотмоқда. Яқинда сурхондарёлик қиз қизини ҳеч кимга айтмай туғиб, ҳожатхонага ташлаб кетибди. Ҳали турмушга чиқмаган қизнинг бу иши олдин қилган хатосини яшириш эди. ОАВда эълон қилинаётган бундай мавзуларни бугунги ўқувчи оддий хабардек қабул қиляпти. Дастлаб бет чизиб, “вой, ўлай”, деган муносабатлардан аллақачон узоқлашдик. Чунки ўқувчи бу каби воқеаларни кўп ўқиб, ўрганиб ҳам қолди. Шунга ўхшаш ҳолатларни бутунлай бартараф қилиш фақат Хотин-қизлар қўмитасининг ўзига оғирлик қилади. Негаки, жамият катта, хотин-қизлар кўп. Шу боис барча айбни қўмитага ҳам тўнкаш адолатдан эмас.
“Ўша замон” дея таъкидланадиган тарихда ҳам тарбияни болага оила, ота-она, сўнг жамият берган. Бировнинг қизи турмушдан қайтса, бутун маҳалла, қўни-қўшни гап қилиб, қизни турмушига қайтарган, қайтиш уят, шарманда ҳисобланган. Уларнинг назарида, қиз бола эгилиб тушган жойнинг иссиғига ҳам, совуғига ҳам чидаши керак бўлган, шунча қийинчилик кўрса ҳам аёлларимиз чидаган ва бахтли бўлган. Бу билан аёллар маънан эзилиб, хўрлансин, демаймиз, бунга қаршимиз ҳам. Шунчаки, оилада келинни қул кўрмай, тарбияни яхши қилиш керак, демоқчимиз. Афсуски, ҳеч ким ҳеч кимнинг нози-ю карашмаси, эркалигини кўтаролмайдиган замонга мослашиш ҳам керак.
Айрим аёллар диний ва инсоний ахлоқ қоидаларини англаб етмагани боис, (масалан, никоҳсиз фарзанд кўриш ва бошқа) ўз хатоларини яшириш мақсадида (ёки эл-юрт олдида қандай бош кўтариб юраман деган ўй-фикрлар) бундай ҳолатларга йўл қўйилмоқда. Баъзи ҳолларда бундай ҳолатларга эркаклар ҳам сабабчи бўлиб, аёлларимиз зўравонлик қурбонига айланиб, стресс ҳолатида хатога йўл қўймоқдалар. Бунда жамоат вакилларининг вақтида муаммодан хабар топмай уларга тегишли ёрдамни вақтида кўрсатмагани, яъни беэътиборлиги сабабли бундай жиноятлар содир бўлмоқда.














