Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги «Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда 2018 йил 23 августдаги «Ички ишлар органлари бошқарув, назорат ва шахсий таркиб билан ишлашнинг самарали тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорлари ички ишлар органлари ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этди.

Жумладан, Ички ишлар вазирлиги тизимида алоҳида ихтисослашган таълим муассасаси – Малака ошириш институти ва Вазирликнинг барча академик лицейларида унинг филиаллари ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти матбуот хизмати хабарига кўра, ўтган қисқа давр мобайнида Институт профессор-ўқитувчилари томонидан жойларда ўтказилган ўқув йиғинларида 12 мингдан ортиқ ходимлар қатнашиб, ўз малакасини оширди.

Айни кунларда Институт томонидан Бухоро ва Самарқанд вилоятларидаги туманлар ва шаҳарлар ички ишлар органларининг жиноят-қидирув бўлимлари бошлиқлари, хавфсиз туризмни таъминлаш хизмати, навбатчилик қисми инспекторлари учун малака ошириш сайёр ўқув йиғинлари ўтказилмоқда.

Ўқув йиғинларида давлат раҳбари томонидан илгари сурилган ички ишлар органлари фаолиятига оид долзарб вазифаларга, уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига, соҳага оид қабул қилинган янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг талаблари билан таништиришга ва улар асосида хизмат фаолияти самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

– Машғулотлар давомида назарий билимларимизни мустаҳкамлаб, амалиётга учраётган баъзи муаммоли ҳолатларни бартараф этиш бўйича зарур билим ва кўникмаларга эга бўлмоқдамиз, – дейди Самарқанд шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта суриштирувчиси, майор Анжелика Ибадова. – Ўқув йиғинларида назарий билимларимни янада мустаҳкамлаб, иш жараёнига ҳозирги замон талаблари мувофиқ ҳолда ёндашиб, тергов ҳаракатларини янада сифатли ўтказишга ҳаракат қиламан. Терговчи хизмат вазифасига сидқидилдан ёндашиши керак, унинг адашишга ҳаққи йўқ. Чунки жиноят кўчасига кириб қолган инсонларнинг қилмишларига одилона ёндашиб, оқилона ва адолатли хулоса қилиши керак. Бунинг учун юқори билим, кўникма ва тажриба ҳар биримизга ас қотади, деб ўйлайман.