Иқтисодиёт | 10:02 / 15.08.2019
7965
3 дақиқада ўқилади

Давстатқўм хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сонини маълум қилди

Фото: Shutterstock

2019 йил 1 август ҳолатига фаолият кўрсатаётган хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони 9 301 тани ташкил этди. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 833 тага ёки 43,8 %га ўсган. Ушбу корхоналарнинг асосий қисми Россия Федерацияси, Туркия Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Қозоғистон Республикаси ва Корея Республикаси ҳиссасига тўғри келади.

Давлат статистика қўмитаси хабарига кўра, 2019 йил 1 август ҳолатига хорижий капитал иштирокида 9 301 та корхона ва ташкилотлар фаолият кўрсатаётган бўлиб, бу корхона ва ташкилотларнинг энг юқориси Тошкент шаҳри (5 563 та), Тошкент (1 021 та), Самарқанд (477 та) ва Фарғона (359 та) вилоятлари ҳиссасига тўғри келади. Нисбатан камлари Хоразм (119 та), Сирдарё (138 та) вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасига (136 та) тўғри келади.

Шунингдек, хорижий капитал иштирокидаги фаолият кўрсатаётган корхоналардан 4 726 таси қўшма корхоналар, 4 575 таси эса хорижий корхоналар ҳисобига тўғри келади.

2019 йилнинг январь-июль ойларида хорижий капитал иштирокидаги янги ташкил этилган корхоналарнинг сони 1 997 тани ташкил қилган. Бу кўрсаткич эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 846 тага кўпайган. Ҳудудлар кесимида, хорижий капитал иштирокидаги янги ташкил этилган корхоналарнинг асосий қисми Тошкент шаҳар (1066 та ёки жамидаги улуши 53,4 %), Тошкент вилояти (181 та ёки 9,1 %) ва Сурхондарё вилоятлари (109 та ёки 5,5 %) ҳиссаларига тўғри келади. Энг кам хорижий капитал иштирокидаги корхоналар Қорақалпоғистон Республикаси (22 та ёки 1,1 %), Сирдарё вилояти (33 та ёки 1,7 %) ва Хоразм вилояти (45 та ёки 2,3 %) ҳиссаларига тўғри келади.

Россия Федерацияси резидентлари капитали иштирокида - 289 та, Туркия Республикаси - 271 та, Хитой Халқ Республикаси - 338 та, Қозоғистон Республикаси - 203 та ва Корея Республикаси - 136 та корхоналар янги рўйхатдан ўтган. Шунингдек, 2019 йил январь-июль ойларида Афғонистон Ислом Республикаси, Ҳиндистон Республикаси, Германия Федератив Республикаси, Украина, Озарбайжон Республикаси ва бошқа давлатлар резидентлари қўшма фаолиятга қизиқиш билдирдилар.

Янги ташкил этилган хорижий капитал иштирокидаги корхоналарни иқтисодий фаолият турлари бўйича кўрадиган бўлсак, асосан саноат (611 та), савдо (579 та), қурилиш (237 та), қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги (165 та) фаолият турлари ҳиссасига тўғри келади. Энг камлари эса соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматларда (31 та), ахборот ва алоқада (44 та) ҳамда ташиш ва сақлашда (47 та) ташкил этган.

Мавзуга оид