Жаҳон | 18:29 / 17.08.2019
16968
2 дақиқада ўқилади

КХДР янги қуролни синовдан ўтказди

Фото: AP

Шимолий Корея "янги турдаги қурол"ни синовдан ўтказди, жараённи КХДР етакчиси Ким Чен Ин шахсан кузатиб турди, деб хабар берди Корея марказий телеграф агентлиги.

"Миллий мудофаа манфаатлари учун иш олиб бораётган олимлар ушбу тизимдаги қуролнинг қудратига ишончни мустаҳкамлаган аъло даражадаги натижани қайд этишди", - дейилади агентлик хабарида.

Агентлик айнан қандай қурол синовдан ўтказилганига аниқлик киритмаган.

Аввалроқ Жанубий Кореянинг “Рёнхап” ахборот агентлиги Шимолий Корея ҳарбийлари Япон денгизи томон иккита номаълум турдаги ракета учиргани ҳақида хабар берганди. 

Жанубий Корея штаблари бошлиқлари бирлашган қўмитаси маълумотларига кўра, снарядлар Шимолий Кореянинг Токчхон шаҳридан учирилган. Ҳарбийлар бошқа тафсилотларни, жумладан, ракеталар тури, парвози давомийлиги ва максимал баландлиги ҳақидаги маълумотларни келтиришмаган.

Охирги ҳафталарда Шимолий Корея мунтазам равишда ракета синовларини амалга оширмоқда.

11 августда Сеулда Шимолий Корея иккита ракета учиргани маълум қилинган. Жанубий кореялик ҳарбийларнинг фикрича, бу ракеталар кичик масофадаги баллистик ракеталар бўлган.

10 августда АҚШ президенти Дональд Трамп Шимолий Корея етакчисидан мактуб олганини, унда Ким Чен Ин “ракеталарнинг учирилишидан ўзи ҳам хурсанд эмаслигини” айтганини маълум қилган. 

Ушбу мактубда аввалги синовлардан кейин таъкидланганидек, ракеталарнинг учирилиши Шимолий Кореянинг АҚШ ва Жанубий Кореянинг биргаликдаги ҳарбий машғулотларига жавоби эканлиги айтилган.

 

Мавзуга оид