Жаҳон | 09:18 / 18.08.2019
18929
2 дақиқада ўқилади

Трамп тасодифан ўз тарафдорини ҳақоратлади

Фото: REUTERS

АҚШ президенти Дональд Трамп Манчестердаги (Нью-Гэмпшир штати) нутқи вақтида тасодифан ўз тарафдорини ҳақорат қилди. Бу ҳақда Fox News нашри хабар берди. 

Таъкидланишича, тадбир давомида Трампга қарши намойишчилар пайдо бўлиб, унинг нутқига халақит бера бошлашган. Уларни қўриқчилар ташқарига олиб чиқаётган вақтда, Трамп одамлар орасидаги бир эркакка эътибор қаратиб, “Бу йигитда вазн билан жиддий муаммолар боракан. Уйингга бор. Спорт билан шуғулланишни бошла. Уни бу ердан олиб чиқинг, илтимос”, деб айтган.

Кейинроқ Фрэнк Доусон исмли бу эркак Трампни қўллаб-қувватлагани ва “Трамп-2020” ёзувли футболкада бўлгани аниқланган. Трамп хатога йўл қўйганини билгач, Доусонга миннатдорлик билдириш учун қўнғироқ қилган, бироқ ўз қилмиши учун ундан кечирим сўраб ўтирмаган. Эркакнинг ўзи АҚШ президентидан хафа эмаслиги ва уни яхши кўришини, “Трамп – ушбу мамлакат билан юз берган энг яхши ҳодисадир”, деб айтган.

Фото: REUTERS

Трампнинг нутқи 2020 йилги президентлик кампанияси доирасида ўтган. Сайловлар эса 2020 йилнинг 3 ноябрида бўлиб ўтади. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид